Қувноқ ва зукко, иқтидорли ва позитив ёшларни жамлаган Ўзбекистон КВН оиласи учун май ойининг охирги якшанбаси ғаройиб сюрприз билан келди. Ёшлар, санъат, маданият ва бошқа ижтимоий соҳаларни қўллаб-қувватлашга бел боғлаган Murad Buildings КВНчилар учун Тошкент бўйлаб саёҳат ва компаниянинг ажойиб лойиҳаларидан бири “Гулсарой” мажмуасида унутилмас кечани ташкил этди. Бу ҳақда лойиҳа қатнашчиларидан бири блогида ҳикоя қилинади.

"Тошкентнинг икки қаватли автобуслари ўз тарихидаги энг юморга бой суҳбатлар, ҳазил-ҳузуллар ва кулгиларга мезбонлик қилган бўлса керак. Ахир бугунги экипаж Ўзбекистон КВН ўйинлари иштирокчилари! Бу клуб 25 йилдан бери минглаб ёшлар учун ўзларининг сўзамоллик, ҳозиржавоблик ва актёрлик маҳоратларини намойиш этиш, тенгдошлари билан бирга қизғин ижод қилиш ва дўстлар орттириш майдончаси бўлиб келяпти", дейди блогер ўз ҳикоясида.

Даблдекер автобусларининг йўналиш харитасидан пойтахтнинг энг кўзга кўринган манзиллари: Шаҳидлар хотираси майдони, Минор масжиди ва Ҳазрати Имом мажмуаси ўрин олган. Иштирокчилар саёҳат баҳонасида диққатга сазовор жойлар ҳақида кўпроқ маълумот олишдан ташқари, эсдалик суратларига тушишди.

Шу куни қизил автобуслар маршрути бироз ўзгарган. Ҳазрати Имом зиёратгоҳидан кейин автобус шаҳарнинг Олмазор туманидаги мавзеларидан бирида қад кўтарган мўжаз “Гулсарой” турар-жой мажмуаси томон ҳаракатланди.

Ушбу маскан тўртта беш қаватли бинодан ташкил топган. Бинолардан бирининг пастки қавати супермаркет учун мўлжалланган. Замонавий кўп қаватли уйлар айвонлари ва ҳовли бўйлаб гуллар, бинолар тоқида эса халқда барака рамзи ҳисобланган узунқанот қушлар учун уйчалар ўрнатилган. Баъзи хонадонлари панжараларида уй сотилганига ишора қилувчи эълонларни кўриш мумкин.

Иштирокчилар учун ташкил этилган дастурхон атрофидаги илиқ суҳбатдан кейин компаниянинг бинокорлик соҳасида амалга ошираётган ишлари ҳақида тадбир мезбони Мурод Назаров маълумот берди.

“Гулсарой”даги махсус экскурсия давомида компания раҳбари Murad Buildings’нинг асосий вазифаларидан бири ҳақида тўхталди: “Биз Ўзбекистонда замонавий, қулай ва юқори сифатли уйлар қурилиши рағбатлантирилишини мақсад қилганмиз”, — дейди у.