Илк натижалар қувонарли

Бугунги кунда республиканинг 11 та жазони ижро этиш муассасасида 18-30 ёш оралиғидаги 300 дан ортиқ маҳкум инглиз тили ва замонавий касб-ҳунарларни ўрганмоқда. Қисқа муддат — беш ойлик фаолият давомида қўлга киритилган дастлабки натижаларнинг ўзиёқ лойиҳанинг нақадар самарали эканини кўрсатмоқда.

Лойиҳа доирасидаги машғулотлар 2026 йил 1 июндан Тошкент, Навоий ва Қашқадарё вилоятларида бошланди. Тест синовлари ва оғзаки суҳбат орқали саралаб олинган 311 нафар маҳкум ўтган давр мобайнида хорижий тил ҳамда компьютер саводхонлиги курслари бўйича интенсив таҳсил олди.

Инглиз тилининг “А1” даражаси ва “Компьютер саводхонлиги” курслари бўйича якуний назорат ўтказилди. Натижалар тингловчиларнинг 88,6 фоизи инглиз тили, 79,5 фоизи компьютер саводхонлиги бўйича бошланғич билимларни муваффақиятли ўзлаштирганини кўрсатмоқда.

Энг юқори натижалар Қашқадарё ва Навоий вилоятларида қайд этилди: Жумладан, Қашқадарёда инглиз тилининг “А1” даражасини ўзлаштириш 96,6 фоизни, компьютер саводхонлиги бўйича эса 98,3 фоизни ташкил этди. Навоийда бу кўрсаткич мос равишда 98,9 ҳамда 87,5 фоизга тенг бўлди.

Маҳкумларнинг билим даражаси уларга дарс берган мутахассислар томонидан аниқланмайди. Холислик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида жараёнга алоҳида экспертлар жалб қилиниб, назорат синовлари махсус платформада ҳар ойда ўтказиб келинмоқда.

Жазони ижро этиш муассасалари орасида 100 фоизлик натижага эришганлари ҳам бор. Хусусан, Қизилтепадаги 5-сон ҳамда Қаршидаги 3-сон колонияларда иккала курс бўйича ўзлаштириш 100 фоизни ташкил этди. Бу кўрсаткичлар тингловчиларнинг таълимга нақадар жиддий ёндашаётганини ҳамда ушбу лойиҳани келажагини ўзгартириш йўлидаги чинакам имконият сифатида қабул қилаётганини кўрсатади.

Президент ташаббуси билан бошланган хайрли иш

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2026 йилнинг 24 февраль куни «Кўксарой» қароргоҳида ёшлар билан ўтказган мулоқотда жазо муддатини ўтаётган ёшларнинг жамиятга тез мослашиши муҳимлигини таъкидлаб, «Иккинчи имкон» умуммиллий лойиҳаси бошланишини эълон қилган эди. Шу йилнинг 27 март куни эса бу ҳақда тегишли қарор (ПҚ–117-сон) қабул қилинди.

Қарор икки мақсадга: озодликка чиққан инсон ишсиз ва таянчсиз қолмаслиги, шунингдек, такроран жиноят содир этилишининг олди олинишига қаратилган. Бу лойиҳа биргина хато сабаб инсоннинг келажагига нуқта қўйилмаслиги керак, деган эзгу ғояга асосланган. Чунки ҳақиқий адолат фақат жазолашда эмас, балки инсонга тўғри йўлга қайтиши учун имконият беришда намоён бўлади.