Спорт | 16:36 / 16.06.2016
4352
4 дақиқада ўқилади

Англия - Уэльс: Бугун Евро-2016 турнирида британча дерби

Бугун Европа чемпионати гуруҳ босқичида Англия ва Уэльс учрашуви бўлиб ўтади. Ланс шаҳридаги "Феликс Болар" стадионида ўтадиган бу баҳс Тошкент вақти билан соат 18:00да бошланади.

Бу икки британ жамоасининг тўқнашуви Европа чемпионати бошлангунига қадар ҳам катта қизиқиш билан кутила бошланганди. 1 тур учрашувлари ва 2-турда Россия Словакияга ютқазишидан кейин бу учрашувга қизиқиш янада ортди.

Инлизлар бош мураббийи Рой Ҳожсон Россияга қарши ўйинда майдонга етарли даражада ижодкор футболчиларни чиқарганди. Майдонда рақиб ҳужумини бузиш билан шуғулланадиган биргина Эрик Дайер ўйнади. Ҳужумни якунловчи ўринда эса Кейн.

"Уч шерлар" устози Россияга қарши дурангдан кейинг навбатдаги учрашув учун таркибда ўзгаришлар амалга оширишини айтганди. Биринчи навбатда Стерлинг алмаштирилиши мумкин - у Россияга қарши ўйинда жамоадошлари билан бир-бирини яхши тушунмади. Шунингдек, Адам Лаллана ҳам жамоанинг кучсиз чизиғи бўлди. Унинг ўрнига Жеймс Милнер тушиши мумкин. Ҳожсон бугун Вардини тушириб, 2 марказий ҳужумчи билан ўйнаши мумкин.

Уэльс таркибида жиддий ўзгаришлар кутилмайди. Робсон-Кану биринчи учрашувдаги голи билан бундай турнирларда тажриба қай даражада муҳимлигини кўрсатди.

Биринчи турдаги дуранг Англияга бу ўйиндаги ғалабани заруратга айлантирди. Уэльсликлар бу ўйинда ҳимоявий ўйин кўрсатиб, қарши ҳужумларга таяниши кутилмоқда.

Тарих
Англия ва Уэльс шу вақтгача 103 марта учрашган ва уларнинг 68тасида инглизлар ғалаба қилган, 21та дуранг қайд этилган, 14 учрашувда уэльсликлар ғалабаси қайд этилган.

Кейинги 3та қарама-қаршиликда Уэльс Англия дарвозасига гол ура олмаган. Уэльс охирги марта 1984 йилда Англияни енга олган.

Тахминий таркиблар:
Англия: Харт – Уокер, Кэхилл, Смоллинг, Роуз – Дайер – Милнер, Руни, Алли – Кейн, Варди
Уэльс: Уорд – Честер, Уильямс, Дэвис – Гантер, Аллен, Ледли, Тейлор – Рэмси – Робсон-Кану, Бэйл

Рой Ҳожсон, Англия терма жамоаси бош мураббийи:
- Дерби муҳити – бу жуда ҳаяжонли. Англияда, Буюк Британияда, бутун дунёда бу ўйинни интиқлик билан кутишмоқда. Биз ўз қардошларимизга қарши ўйнаймиз. Бу эса оловга мой қуйгандек. Бу ҳолатда қизиқиш ортади.
Менимча, уэльсликлар Крис Коулмэн йўлга қўйган услубда ўйнашади. Биз уларнинг таркибида ва ўйинида ўзгариш бўлишини, сюрприз амалга оширилишини кутмаяпмиз.
Улар тўпга эгалик қилишга ёки тўпни топшириб қўйишга асосланган қандайдир алоҳида услубда ўйнайди, деб ўйламайман. Биз ҳам уларга сюрпризлар қилмоқчи эмасмиз – уэльсликлар барча футболчиларимизни яхши билишади.
Матбуот орқали сўз талашиш бошқа, майдондаги ўйин бутунлай бошқа. Уэльсликларда биздаги каби босим йўқ. Ахир улар биринчи ўйинда ғалаба қозонишди, ғалаба эса гуруҳдан 3 жамоа чиқиши мумкин бўлган вазиятда плей-офф йўлланмасини деярли кафолатлайди.

Крис Коулмэн, Уэльс терма жамоаси бош мураббийи:
 - Биз тайёрмиз. Биз ўз ишимиз ҳақида қайғуришимиз керак. Агар биз гуруҳдан чиқмоқчи бўлсак, ўз имкониятларидан фойдаланишимиз керак. Олдиндаги ўйин - биз учун жиддий синов.
Агар жамоа ғалабага эриша олса, гуруҳдан чиқишимиз кафолатланади. Агар бугун ютмасак ҳам бизда имконият сақланиб қолади.
Рақиб ким бўлишидан қатъи назар, аввало ўз ўйинимиз ҳақида қайғуришимиз керак.

Манба: Tribuna.uz