Пайшанба оқшомида Миллатлар лигасида навбатдаги тур учрашувлари бошланди.

А лигаси. 1-гуруҳ

Доннарумманинг хатосини Эспозитонинг голлари ювиб кетди

Италия – Франция 3:1
Голлар: Олисе, 10 (0:1). Ф. Эспозито, 26 (1:1). Фраттези, 63 (2:1). Ф. Эспозито, 75 – пеналти (3:1)
Аниқ ижро этилмаган пеналти: Себ. Эспозито, 60’
Италия: Доннарумма, Скалвини, Бастони, Калафиори, Кайоде, Тонали, Барелла (Риччи, 90+2), Фраттези (Думбия, 73), Камбияги (Димарко, 62), Себ. Эспозито (Вергара, 62), Ф. Эспозито (Скамакка, 90+2)
Франция: Менян, Упамекано, Жаке, Трюффер (Меюлю, 77), Гюсто (Кумбеди, 76), Рабио, Да Куня, Шерки (Камавинга, 82), Дуэ (Диуф, 77), Олисе, Барколя (Крупи, 77)
Огоҳлантиришлар: Ф. Эспозито, 39. Бастони, 71 – Жаке, 13. Крупи, 90

Италия футболчилари майдонга чиққанида Белгия аллақачон иккинчи ўринга кўтарилиб олганидан хабардор эди. Ўйин стартида эса Доннарумма қўпол хатога йўл қўйди. «Сити» дарвозабони тўпни Олисе турган жойга ташлаб берди, у эса Барелладан осонлик билан қочиб кетиб, ҳисобни очди. Бу Жижи учун сўнгги беш ўйинда голга олиб келган учинчи хато бўлди.

Французлар тинимсиз ҳужум уюштирди, 20-дақиқага келиб олти бор зарба берилди, учтаси дарвоза соҳасига тўғри борди, аммо битта гол билан чекланишди.

Италия эса дарвоза томон тўғри борган илк зарбасини 26-дақиқада йўллади ва шунинг ўзи ҳисобни тенглаштириш учун кифоя қилди. Камбияги чап қанотда Гюстони осонлик билан ортда қолдириб, дарвозабон ҳудудида ўзини таклиф қилган Франческо Эспозитони голли пас билан таъминлади.

«Интер» форварди терма жамоадаги дастлабки 14 ўйинида аллақачон 9 гол уришга эришди. Таққослаш учун, «Скуадру адзурра» афсонаси Франческо Тотти бутун фаолияти мобайнида Италия сафида жами 9 та гол урганди.

Иккинчи бўлимда меҳмонлар сафида Мало Гюсто асосий антиқаҳрамонга айланди. Аввалига унинг Камбиягига ишлатган фолидан кейин пеналти белгиланди, аммо Себастияно Эспозито аниқ зарба бера олмади. Гюсто Камбиягининг ўрнига туширилган Димаркога ҳам қаршилик кўрсата олмади ва италиялик қанот ҳимоячисининг узатмасидан Фраттези ғалаба голини урди.