Замонавий тиббиёт тарихида ақл бовар қилмас ноёб ҳодисалар тез-тез учраб туради. Совет шифокори Алексей Шаповалов билан содир бўлган воқеа ҳам шулар сирасига киради.

Касби ҳарбий шифокор-фелдшер бўлган бу шахс бир пайтлар ноёб операцияни амалга оширади ва шу иши билан тарихда қолади. Ҳозир шу ҳақда ҳикоя қиламиз.

Сув остида кўричак

1968 йил июн. СССРнинг Шимолий флотига тегишли бўлган К-55 номли ҳарбий сувости атом кемаси Шимолий муз океанида хизмат вазифасини олиб бормоқда.

Кема капитанига К-55 ни Тинч океанига олиб ўтиш топшириғи берилади. Кема Беринг бўғози томон ҳаракат бошлайди. К-55 экипажида 100 дан ортиқ ҳарбий хизматчи бўлиб, улар орасида ҳарбий шифокор Алексей Шаповалов ҳам бор эди.

Кема Чукотка денгизига ўтган вақтда унда фавқулодда ҳодиса юз беради. Ҳарбийлар соғлиги учун масъул бўлган Алексей Шаповаловнинг соғлигида муаммо кузатилади.

Кунларнинг бирида у тўсатдан қорин соҳасида қаттиқ оғриқни ҳис қилади. Оғриқ кучайиб, фелдшернинг тана ҳарорати кўтарила бошлайди. Анча тажрибали шифокор бўлган Шаповалов ўзига аниқ ташхис қўяди: у кўричак бўлганди.

Врач кема капитанига кўричак бўлиб қолгани ҳақида хабар беради. Бироқ ўша пайтда муҳим топшириқ бўйича сузаётган кемани қирғоқ томонга олиб боришнинг ва Шаповаловни қирғоққа туширишнинг мутлақо иложи йўқ эди.

Вазият бироз таҳликали, агар кўричак ёрилиб кетса, қорин пардасининг яллиғланиши ва ички аъзоларда чириш бошланиши, оқибатда фелдшер вафот этиши муқаррар эди.

Шунда Алексей Шаповаловнинг олдида иккита йўл қолади. Биринчиси – индамай ўлимини кутиш, иккинчиси – бир амаллаб бўлса-да ўзини ўзи операция қилиш.

Ноёб операция

Шаповалов шифокор эди ва у ҳар қанақасига индамай ётиб, ўлишини кута олмасди. Фелдшер таваккалга қўл уради – ўзини ўзи операция қилишга қарор қилади.

Шаповалов энг аввал ўзига берилган тор каютадаги оддий столни операция столига айлантиради. Сўнг барча асбобларини стерилизация қилиб, ўзига ёрдам бериш учун икки нафар матросни ассистент сифатида танлайди.

Меркулов фамилияли биринчи матрос шифокорга асбоб-ускуналарни узатиб, операция жараёнини кўзгу ёрдамида Шаповаловга кўрсатиб туриши керак эди. Иккинчи матрос эса ёруғликни тўғри йўналтириб, зарурат туғилганда фелдшернинг ҳушини йўқотмаслигини назорат қилиши лозим эди.