Лондондаги клублардан бирида йирик ёнғин чиқди
8 августда Лондоннинг Гринвич туманидаги тунги клубда йирик ёнғин чиқди. Ўт ўчириш хизматига соат 11.30 ларда ёнғин ҳақида 40 дан ортиқ хабар келиб тушган.
Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари шаҳарнинг барча бурчакларидан кўринаётган қора тутун ҳақида хабарлар берганлар. "Гринвичдаги 338-студияда йирик ёнғин чиққан. Умид қиламанки, ҳеч ким жабрланмаган", деб ёзган фойдаланувчилардан бири.
Ёнғинни ўчиришда 15 та ўт ўчириш машинаси ва 100 га яқин ўт ўчирувчилар қатнашган. Авария-қутқарув хизматлари ёнғин чиққан жойдаги йўлларни тўсиб қўйишган, ҳайдовчилар хавф ҳақида огоҳлантирилганлар. Бинодан бир киши олиб чиқилган. У куйиш жароҳатлари олган.
Ўт ўчирувчилар ёнғинни бартараф этишган, бироқ тутун ҳиди Гринвичга яқин кўплаб туманларда сезилиб турган. Яқин атрофда яшовчи аҳолига уйлари ойналарини ёпиб қўйиш тавсия қилинган.
Аввалроқ 5 августда Франциянинг Руан шаҳридаги барлардан бирида кўп сонли қурбонларга олиб келган йирик ёнғин чиққани маълум қилинганди. Кейинроқ маълум бўлишича, ёнғинга официантнинг эътиборсизлиги сабаб бўлган. У шамлари ёқилган тортни олиб чиқаётганда қоқилиб йиқилиб тушган. Натижада шамлардаги олов пардаларга, кейин эса полиэстерол материалидан ишланган шипга ўтган. Кечадаги баъзи меҳмонлар полиэстерол чиқарадиган заҳарли газдан, баъзилари эса оловдан ҳалок бўлганлар.