Суриянинг Ҳалаб шаҳридаги вайроналар остидан олиб чиқилган 5 ёшли болакай дунё жамоатчилиги диққат марказида турибди.

Қонга беланган, карахт аҳволдаги 5 ёшли Умран Дақнеш тез тиббий ёрдам машинасида ўтиргани тасвирланган видео ва фотосурат интернет бўйлаб тарқалиб, Суриядаги уруш рамзига айланмоқда.

Умран Дақнешга тиббий ёрдам кўрсатган шифокор у ёшда экани, унинг боши жиддий жароҳатланганини тасдиқлаган.

Би-би-си агентлигининг Newshour дастури бошловчиси Жейми Камурасами Умранга тиббий ёрдам кўрсатган шифокор Абу Муҳаммади билан суҳбатлашди.

Шифокор: Чоршанба куни кечқурун Умран бошқа ярадорлар билан бирга бизнинг шифохонамизга келтирилди. У жуда ҳам қўрқиб кетган, лекин йиғламаётганди. У карахт аҳволда эди. Биз унинг қўлларини, юзини ювдик ва бошини амалиётга тайёрладик.
Журналист: Сиз унинг айнан қаерда ва қандай ҳодиса оқибатида жароҳат олганидан хабардормидингиз?
Ш.: У яшаган туман ҳаводан бомбардимон қилинган.
М: Ҳозирда унинг аҳволи қандай?
Ш.: Умранга 2 соатдан кейин, барча зарур амалиётларни бажарганимиздан кейин шифохонадан жавоб берилади. Унинг омади бор экан, жароҳат бошнинг ташқи қисмида ва мияда шикастланиш йўқ.
М: Унинг руҳий ҳолати қай аҳволда? Ўзингиз ҳам айтдингиз, биз ҳам видеоларни кўрдик, у шок ҳолатига тушган ва индамай қолган. У охир-оқибат гапирдими?
Ш.: Йўқ, гапирмади.
М: Авиазарба оқибатида унинг оила аъзоларидан кимдир ҳалок бўлганми?
Ш.: Буни мен аниқ биламайман, лекин ҳамкасбларимнинг айтишича, унинг ота-онаси ҳам омон қолган.