Суриядаги мухолифат кучлари пайшанба куни Ҳама шаҳри эгаллангани ҳақида эълон қилди. Суриялик ҳарбийлар шиддатли тўқнашувдан кейин ушбу муҳим шаҳардан чекинганини тасдиқлаган. Исёнчилар ўтган ҳафтада 2016 йилдан буён илк бор мамлакатдаги иккинчи энг йирик шаҳар Ҳалабга кирганди.
Ҳама эгаллангани — Ҳалабдан пойтахт Дамашққача бўлган масофанинг учдан бир қисми босиб ўтилганини англатади; ушбу шаҳар Суриядаги фуқаролик уруши бошланганидан буён ҳукумат кучлари назоратида қолганди.
Исёнчилар қўмондони Ҳасан Абдул Ғани пайшанба куни тонгида ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида исёнчилар Ҳамага киришни бошлагани ва унинг маркази томон бир неча йўналишда ҳаракатланаётганини айтганди.
Кейинроқ Ғани X ижтимоий тармоғи орқали Ҳама марказий қамоқхонасидан юзлаб маҳбуслар озод этилгани ҳақида ёзган.
Al Jazeera телеканали шаҳардаги йўллар кесишмасида тинч аҳоли исёнчиларни қандай қарши олаётгани акс этган кадрларни намойиш этган. Бошқа кадрларда Ҳама бўйлаб машиналар ва мопедларда ҳаракатланаётган ҳарбийлар акс этган.
Сурия армияси аввалига исёнчилар Ҳама шаҳрининг бирор туманига киргани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга мос келмаслигини айтишганди. Сурия мудофаа вазирлиги баёнотида ҳарбийлар шаҳар чеккасидаги «мустаҳкам» мудофаа чизиқларида тургани айтилганди.
Аммо кейинроқ армия раҳбарияти шаҳар исёнчилар қўлига ўтганини тан олди. Навбатдаги баёнотда айтилишича, шиддатли тўқнашувлардан кейин армия бўлинмалари ўз жойлашувини Ҳама ташқарисига кўчиришга мажбур бўлган — «тинч аҳоли ҳаётини сақлаб қолиш ва шаҳар кўчаларида жанг олиб бормаслик учун», дейилган баёнотда.
Ўтган ҳафтада исёнчилар мамлакатдаги иккинчи энг йирик шаҳар Ҳалабга кирган ва шундан буён Идлиб ва Ҳалабдан жанубга, пойтахт Дамашқ томон юришни давом эттираётганди, сешанба куни Ҳама шимолидаги стратегик тепаликлар эгалланганди.
Ҳама 2011 йилда Башар Асадга қарши намойишлар ортидан бошланган фуқаролик уруши давомида ҳукумат кучлари қўлида қолганди. Унинг қулаши Дамашқда ва Асаднинг россиялик ҳамда эронлик иттифоқчиларида шок келтириб чиқарди, дея қайд этади Reuters ўз хабарида.












