Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлида юк поездлари ҳаракатланмоқда
11 июлдан бошлаб янги «Ангрен-Поп» темир йўл тармоғи бўйлаб юк поездлари ҳаракати амалга оширилмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» ахборот хизмати хабар қилди.
Мазкур йўналиш бўйлаб кунига 10 дан зиёд турли юклар ортилган таркиблар ҳаракатланиши йўлга қўйилган. Яқин вақтлар ичида уларнинг сони 20тага етказилиши кутилмоқда.
«Бугунги кунда мамлакатнинг бошқа ҳудудларидан Фарғона водийсига ва тескари йўналишга юкларни етказиб бериш учун барча зарур қулайликлар яратилган», — дея қайд этилган матбуот хизмати хабарида.
Янги йўл бўйлаб асосан Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятига нефть ва нефть маҳсулотлари, кимёвий ва минераль ўғитлар, Навоий вилоятидан эса Фарғонадаги «Қувасойкварц» корхонасига кварц қуми етказилмоқда.
Бундан ташқари, рефрижератор вагонлар Ўзбекистон бозори учун мева-сабзавот маҳсулотларини ташимоқда. Шунингдек, бу маҳсулотлар совутгич вагонларда экспортга юбориш учун тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.