Непалдаги фожиа
Ҳафта давомида Непал ва Хитой чегарасида содир бўлган фожиа бутун дунёни ларзага солди. Ҳимолай тоғларида улкан музлик парчаси ўпирилиб, Ленде дарёсини тўсиб қўйди. Сув тезда тўпланиб, бу табиий тўғондан тошиб, 9 метрли тўлқин ҳосил қилган ва пастга қараб шиддат билан оқа бошлаган. Йўлида учраган тош ва тупроқни супуриб кетган дарё ўзанидан тошиб бутун бошли қишлоқларни лой остида қолдирган. Қурбонлар сони мингга яқинлашган, 3 мингга яқин одам бедарак йўқолган.
Музлик ўпирилгач дарёга шундай қаттиқ зарб билан урилганки, сейсмология хизматлари ҳудудда 5 балли зилзила содир бўлди деб қайд этган. Хитой назоратидаги Тибетда нима бўлаётганини билиш қийин, лекин Непалдаги қутқарув жараёнлари ҳақида репортажлар эълон қилинмоқда. Непалга биринчилардан бўлиб АҚШ ва Хитой моддий ёрдам кўрсатди. Дарё бўйидаги станция туннелларида ишчилар қамалиб қолган, уларни қутқариш ишлари давом этмоқда.
МРБ директори Москвада
Ҳафтанинг энг шов-шувли воқеаси Америка Марказий разведка бошқармаси директори Жон Рэтклиффнинг Москвага ташрифи бўлди. Дунёдаги энг қудратли разведка идораси раҳбари 2021 йилдан буён илк марта Россияга борди. Бу ташриф махфий тарзда амалга оширилди. Мулозим Россияга боришини фақат ўзи ва Трамп билган.
Америка нашрлари мамлакат бош разведкачиси Россияга нима мақсадда боргани ҳақида ўз манбаларига таяниб ёзмоқда. Уларда айтилишича, Рэтклифф Россияни НАТОнинг 5-моддаси ҳамон амалда эканидан огоҳлантириш учун борган. Яъни, Путинга атрофдаги НАТО давлатлари қандай реакция қилишини синаб кўриш учун ҳужум қилиб кўриш тўғри эмаслигини билдирган.
МРБ директори ташрифи Россияда янги сафарбарлик тўлқини ҳақида миш-мишлар фонида содир бўлди. Мулозим Кремлга «Вашингтон барчасидан хабардор эканини етказгани» айтилди. Шунингдек, америкалик ҳамкасбларимиз Рэтклифф Кремлга фронтдаги асл вазият ҳақида Америка разведкаси маълумотлари асосида тайёрланган ҳужжатлар олиб борганини аниқлади. МРБ Путинга атрофидагилар фронтдаги вазият ҳақида тўғри маълумот беришига ишонмагани учун шахсан идора раҳбари Москвага борибди.
Песковнинг айтишича, америкалик мулозим Путин билан учрашмаган. Баъзи тахминларга кўра, Путин учрашишни хоҳламаган. Америка нашрларига кўра, Рэтклифф Россия бош разведкачиси Сергей Наришкин ва ФСБ раҳбари Александр Бортников билан учрашиб, уларга «фронтдаги вазият аслида бошқача эканини» айтган.
Бу ташрифдан баъзи хулосалар қилиш мумкин. Трамп Путин билан шахсан кўришди, камида олти марта телефонда гаплашди, қурувчи дўсти Уиткофф ва куёви Кушнерни Москвага юборди, улар Россия пойтахтида чебурек еб, Путинни алқаб келишди. Етмаганига Трамп очиқчасига Россия томонига ўтиб, Украинани уруш бошлашда айблади.









