"Пахтакор" клуби жамоа ҳимоячиси Муҳаммадрасул Абдумажидовнинг Франция клубига ўтиши масаласи бўйича ижтимоий тармоқлар ва ОАВда тарқалган фикрлар бўйича расмий муносабат билдирди.
Маълум қилинишича, клубга бошқа хориж клубидан расмий таклиф юборилган хат келиб тушмаган. Футболчининг агенти француз клубининг сотиб олиш ҳуқуқи билан ижара таклифини тақдим этган.
“Бироқ бу таклиф клубимизни қониқтирмади. "Пахтакор" жамоасидаги ҳар бир футболчининг ўзига яраша обрўси бор ва биз ўйинчилар учун билдирилган яхши таклифларни кўриб чиқишга тайёрмиз. Қолаверса, Ўзбекистонда трансфер даври ёпилган”, дейилади расмий муносабатда.
Қайд этилишича, жамоа мавсумнинг муҳим палласида турибди ва футболчининг ўрнини тўлдириш имкониятига эга эмас.
“Ҳар мавсум олдидан мураббийлар штаби олдига жиддий вазифалар қўйилади ва бу йил ҳам шундан мустасно эмас. Футболчилар ўтиши ва трансферлари бўйича қарорлар мураббийлар штаби томонидан вазифалардан келиб чиқиб, жамоа манфаати асосида қабул қилинади. "Пахтакор"ни олдинда Элит Чемпионлар Лигаси кутмоқда. Ушбу мусобақада жамоанинг вазифаси муносиб иштирок этишдан иборат.
Шу сабабли айни пайтда асосий мақсадимиз жамоа таркибини кучайтиришдан иборат, уни кучсизлантириш эмас”, дея таъкидлаган клуб.
Клубнинг билдиришича, агар таклиф вақтлироқ келиб тушганда уни батафсил муҳокама қилиш мумкин эди. “Пахтакор” ёзги трансферлар пайтида икки нафар марказий ҳимоячи бошқа клубларга қўйиб юборилгани туфайли ушбу трансфер бўйича таклифни фақат қишда кўриб чиқиш имкони борлигини маълум қилган.










