12:21 / 01.09.2016
6497

Миср ЕИ ва Туркия келишувини мамлакатдаги миграцион инқирозга сабаб сифатида кўрсатди

Миср ҳукумати Европа Иттифоқи ва Туркия ўртасидаги муҳожирлар масаласидаги келишувни мамлакатда қочқинлар оқими кескин ортганига сабаб сифатида кўрсатди ва юзага келган инқирозга қарши курашда ёрдам миқдорини оширишни талаб қилди. Бу ҳақда EUobserver маълумотида айтилган.

Миср Ташқи ишлар вазирининг халқаро масалалар бўйича ёрдамчиси Ҳишам Бадрнинг айтишича, айни вақтда мамлакатда 5 млн муҳожир тўпланган, улардан 500 мингги сурияликлар. Унинг айтишича, ҳар куни ўртача 800 киши бошпана сўраб мурожаат қилмоқда.

"Сиз Туркия билан келишув оқибатларини кўраяпсизми?", деган Бадр евродепутатларга.

У миграцион инқироз Мисрга ҳар йили 300 млн доллар миқдорида зарар келтиришини маълум қилган ва Европа иттифоқи бу масалада маблағ билан ёрдам тақдим этиши кераклигини айтган.

"Биз керакли ёрдамни олмаяпмиз. Мен  сизнинг қўшниларингизга 6 млрд доллар тақдим этганингизни намуна сифатида келтиришни истамаган бўлардим", деган у Туркияга ишора қилиб.

Май ойида Миср қочқинлар учун янги транзит йўналишига айланиши мумкинлиги ҳақидаги ташвишлар билдирилганди.

Top