Ўзбекистон фуқароларининг Мисрга киришига оид янги қоидаларни жорий этиш муддати 2027 йил 1 мартга қадар кечиктирилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарда Ўзбекистон томони Миср билан тўғридан тўғри музокаралар олиб бориши натижасида мамлакат фуқароларининг ушбу ҳудудга кириш тартибини қатъийлаштириш бўйича аввал қабул қилинган қарорни қайта кўриб чиқиш юзасидан келишувга эришилгани қайд этилган.
Шу тариқа, янги қоидалар кучга киргунига қадар фуқаролар Мисрга амалдаги тартиб асосида саёҳат қилиши мумкин.
Шу билан бирга, Ўзбекистон ТИВ хорижий ҳамкорлар билан фуқароларнинг чет элга сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш, визасиз режимларни жорий этиш ҳамда бошқа хорижий давлатлар билан мавжуд сафар тартиб-таомилларини соддалаштириш борасида изчил ишларни давом эттирмоқда, дейилади хабарда.
Ўз навбатида, фуқаролар хорижий давлатларга сафар қилиш чоғида маҳаллий қонунчилик ва белгиланган тартиб-қоидаларга қатъий риоя этиш, виза ва миграция талабларини бажариш, шунингдек, борилаётган мамлакатнинг миллий қадриятлари, анъаналари ва жамоат тартибини ҳурмат қилишга чақирилди.
«Ҳар бир фуқаронинг хорижда масъулиятли хулқ-атвор намоён этиши Ўзбекистоннинг ижобий имижини мустаҳкамлаш ва мамлакатимизнинг халқаро ҳамкорлигини янада ривожлантиришга хизмат қилади», дейилади идора хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 1 ноябрдан Ўзбекистон фуқаролари Синай яримороли, жумладан, Шарм-ал-Шайхга (Миср) олдиндан виза олмасдан кира олмаслиги хабар қилинганди.

















