Европа комиссияси 5 ноябр, пайшанба куни Ukraine Support Loan — Украинани қўллаб-қувватлаш кредит дастури доирасида мамлакатга 4,36 млрд евро ўтказди. Бу маблағнинг 3,7 млрд евроси жорий йил учун келишилган макромолиявий ёрдамнинг иккинчи транши бўлса, яна 658 млн евроси Украинанинг мудофаа эҳтиёжлари учун ажратилган.

Европа комиссияси таъкидлашича, ЕИ маблағлари Украинага «давлатнинг узлуксиз фаолиятини таъминлаш»га ёрдам беради, шунингдек, Россия Федерациясининг ҳарбий тажовузини қайтариб келаётган мамлакатнинг кечиктириб бўлмайдиган мудофаа вазифаларини ҳал қилиш имконини яратади.

ЕИнинг молиялаштириши «Украина иқтисодиётининг ишлашини таъминлаш, зарур давлат хизматларини кўрсатиш ва Россиянинг давом этаётган тажовузи шароитида мамлакат барқарорлигини мустаҳкамлаш имконини берувчи ҳаётий муҳим ва олдиндан режалаштириш мумкин бўлган қўллаб-қувватловни таъминлайди», — деди Европа комиссиясининг технологик суверенитет, хавфсизлик ва демократия масалалари бўйича ижрочи вице-президенти Хенна Вирккунен.

Ҳарбий маҳсулотлар Украина компанияларидан харид қилинади

Европа комиссиясининг матбуот баёнотида қайд этилишича, мудофаа учун ажратилган янги маблағ Украинанинг эҳтиёжлари учун учувчисиз учиш аппаратлари, ракеталар, радиолокация станциялари, радиоэлектрон кураш тизимлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа учун ўқ-дорилар харид қилишга сарфланади. Мудофаа маҳсулотлари асосан Украина корхоналаридан сотиб олинади.

«Маблағларни Украина компанияларига йўналтириш орқали биз юқори даражада инновацион мудофаа экотизимини ривожлантиришга ҳисса қўшяпмиз. Европанинг мудофаа саноати ундан кўп нарса ўрганиши мумкин», — деди иқтисодиёт бўйича еврокомиссар Валдис Домбровскис.

Россиянинг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан буён Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар Украинага жами 235,9 млрд евро ёрдам кўрсатган. Бу суммага Россиянинг музлатилган активларидан олинган даромадлар ҳисобидан ажратилган 3,8 млрд евро ҳам киради.

Ukraine Support Loan дастури доирасида Украинага бериладиган кредитнинг умумий миқдори 90 млрд еврони ташкил этади. Бу маблағ мамлакатнинг 2026–2027 йиллардаги молиявий эҳтиёжларини қоплашга мўлжалланган.