16:24 / 18.09.2016
7874

ЕХҲТга Ўзбекистон Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиши учун таклифнома юборилди

Ўзбекистонда 2016 йилнинг 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига пухта тайёргарлик кўрилмоқда.

17 сентябрь куни Марказий сайлов комиссияси Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросига 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида халқаро кузатувчи сифатида иштирок этиш учун расмий таклифнома юборди. 

"Биз ЕХҲТга дипломатик каналлар орқали расмий таклифнома юбордик. Агар улар кузатиш миссияси юборса – уларга халқаро кузатувчи мақоми берилади", — деган МСК вакили.

Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов 2 сентябрь куни, 78 ёшида вафот этди. Президент вазифасини вақтинча бажарувчи этиб Шавкат Мирзиёев тайинланди. 

Марказий Сайлов комиссияси раиси Мирзо-Улуғбек Абдусаломов Ўзбекистон президенти сайлови 4 декабрь куни бўлиб ўтишини маълум қилди.

Ўзбекистон президенти сайловига халқаро кузатувчиларни таклиф қилиш  23 ноябргача давом этади.

Бундан аввалги президентлик сайловига ЕХҲТ кузатувчиларнинг чекланган миссиясини юборган эди. 2015 йилнинг 29 мартида бўлиб ўтган сайловни дунёнинг 43 мамлакатидан 300га яқин халқаро кузатувчилар кузатишган эди. Улар орасида МДҲ, ЕХҲТ, ШҲТ, ИҲТ ва Умумжаҳон сайлов органлари вакиллари ҳам бор эди.

Top