Инсоният аллақачон ягона ахборот худудида яшамоқда. Интернет, спутникли телеканаллар, глобал ОАВ, давлатларнинг халқаро институтлар ва мажбуриятлар доирасидаги ўзаро боғлиқлигининг ошиб бориши, буларнинг барчаси оддий қилиб глобаллашув дейилади.
Энди дунёнинг бирор нуқтасида муҳим воқеа юз берса, у инсониятнинг қолган қисмига ҳам маълум даражада таъсир қилади. Бу таъсир ёки боғлиқлик бундан кейин фақат ошиб боради. Иккинчидан, АҚШ – шунчаки оддий миллий давлат эмас. Унинг фикрлаши, хатти-ҳаракатлари бошқалар учун ўрнак, намуна ёки мақбул йўл сифатида кўрилади. Ғарб давлатлари у ёқда турсин, авторитар давлатлар ҳам АҚШнинг фикрлаши ва хатти-ҳаракатларидан ўзи учун оқлов ёки қўллов олиши кўп кузатилган.
АҚШда оралиқ сайловлар ўтиб бўлди. Америка халқи ўн йилча олдин ашаддий ўнг, ксенофоб, исломофоб, вулгар сиёсатчи ҳисобланмиш Доналд Трампга овоз бериб, олий ҳокимиятни унинг қўлларига топширганда муҳим тарихий савол ўртага ташланган эди: «популист Трампдан кейин АҚШ демократияси қанчалик соғлом қолади, АҚШ давлат институтлари қанчалик яшаб қолади? Америка демократиядан чиқиб, авторитаризм сари батамом йўл олмайдими ва ҳ.к.».
Дарҳақиқат, бу саволлар учун тарихда асосли ташвишлар кўп. Жамиятлар, халқлар миллатчиликка, национализмга, ксенофобияга берилиб овоз берганида ёки сиёсий ирода кўрсатганида бу национализм, баъзан фашизмга, нацизмгача ўсиб борган ва жуда катта тарихий фожиалар юз берган. Шунинг учун ҳам Трамп феномени АҚШ демократияси учун, давлат институтлари учун нима мерос қолдиради, деган савол бор эди.
Демократияларнинг асосий нуқсонларидан бири – халқ бугунги кайфияти билан, қўрқувлари билан, эҳтирослари билан овоз беради. Агар қайсидир сабабларга кўра, сиёсатчилар ёки кучлар, халқни қўрқитиб, ўзлари учун керакли овозни олишга интилишса, бу иш берган ҳолатлар кам эмас. Чунки ҳаммада биттадан овоз бўлса-да, ҳаммада ҳам чуқур сиёсий билимлар, малакалар бўлмайди. Моҳир сиёсатчилар эса халқни манипуляция қилишга уста бўлишади. Ва Трамп айнан шундай феномен бўлди.
Трамп бошчилигидаги ўнг, яъни миллатчи, ксенофоб маъмурият – катта капитал, олигархат, ҳамкорликни инкор қилиш, ашаддий рақобат ва алдаш, босим қилиш ва таҳқирлаш, қўрқитиш ва бўйсундириш, кутилмаганда ўғирлаш ва ўлдириш, музокараларни эса алдаш усули сифатида талқин қилиш, демократияни моҳиятан бузиш, лавозимларни эса шахсий бойиш воситасига айлантириш каби фикрлаш ва ишлаш моделини намоён қилди.
Бироқ мана, Трампнинг иккинчи муддати энди ярмига етганида, америка халқи унга берган мандатини қирқиб бошлади. Оралиқ сайловларга кўра, Трампнинг республикачи партияси қақшатқич зарбалар еди. Нафақат вакиллар палатаси, балки Сенат ҳам мухолифатдаги демократлар қўлига ўтди. Сайланган губернаторларнинг мутлақ аксарияти демократлар партияси вакиллари ҳисобланади. Бугунги каби қақшатқич зарбани республикачилар бундан 50-60 йил олдин, президент Никсон даврида олишган эди.









