Бу сайловда Трамп, унинг уруш кампанияси, Исроил манфаатларини Америка манфаатларидан устун қўйгани, урушларда кучсиз давлатларга босим қилиш ғояси ютқазди.

Трамп мағлубиятни тан олди

Сенат устидан назорат бу сайловлар учун энг муҳими эди. Чунки Вакиллар палатаси қарорлари Сенат тасдиғисиз ҳеч қандай аҳамиятга эга эмас. Демократлар бир нечта тортишувли штатларда республикачиларни енгиб, ҳар икки палата устидан назоратни қўлга олди. Одатда икки партия вакилларининг Сенатдаги ўринлари орасида фарқ катта бўлмайди, шу сабаб демократлар бир нечта штатларда теннисчасига айтганда «брейк поинт» олгани ғалаба учун етарли бўлмоқда.

Доналд Трамп бу гал аввалги мағлубияти каби одамларни кўчага чиқишга чорламади, «демократлар билан ишлашга тайёрлигини» айтди. «Бюллетенларда унинг номи бўлмагани, акс ҳолда ғалаба қозонган бўлишини» айтишни ҳам унутмади.

Демократлар камида еттита штатда Сенат учун ўринларни республикачилардан қайтиб олди. Энг катта сенсация Техасда бўлди. Бу штат азалдан консерватив бўлиб келган ва унда демократлар ғалабаси катта сенсация ҳисобланади. Штатдаги губернаторлик сайловида машҳур республикачи Грег Эббот келиб чиқиши лотин америкалик демократ Жина Инахосага енгилгани етмагандай, Сенат учун сайловларда демократ Жеймс Таларико республикачи Кен Пакстонни енгди. Канзасда демократ Адам Ҳемилтон Сенат учун пойгада республикачи Рожер Маршални енгди. Пойга бўлгандан кейин Ҳемилтон ютади-да, тўғрими? Дарвоқе, бу штатда демократлар охирги марта 1932 йилда ғалаба қозонганди. Трамп тарихда ёзишда давом этади!

Оҳайо, Шимолий Каролина, Мейн штатларида ҳам демократлар муҳим ғалабаларни қўлга киритди. Вакиллар палатасида демократлар камида 24 ўринни республикачилардан қайтиб олган. Барча овозлар ҳисоблаб чиқилганда ҳам қуйи палата назорати демократларга ўтиши аниқ. Демократлар етакчиси Ҳаким Жеффрис «Америка қайтди» деб айтди. Энди у катта эҳтимол Вакиллар палатаси спикери бўлади. Ҳозиргача ҳеч бир қора танли сиёсатчи Америка Конгрессида бундай муҳим лавозимни эгалламаган.

1988 йилдан буён Техасни республикачилар бошқариб келаётганди. Лекин штатнинг узоқ йиллик лидери мистер Эббот Жина Инахоса хонимга ютқазиб қўйди. Жоржиядаги губернаторлик сайловида демократ Кеиша Ланс Боттомс хоним олдинда. У штатнинг илк қора танли губернаторига айланадиган кўринади. Оҳайо ва Айовадаги ҳам демократлар гунернаторлик курсисини Трампнинг республикачиларидан тортиб олди.

Трамп сайлов тугаши билан дарҳол интервю бериб, кутилмаганда мағлубиятни тан олди. «Бюллетенда унинг исми бўлмагани, шу сабаб бу унинг сиёсий фаолиятига баҳо бўлолмаслигини» таъкидлади. Лекин демократлар яхши кампания олиб борганини қайд этди. Баъзи республикачиларнинг ўзини мағлубиятда айблади. Масалан, Техасда Эбботни.