Жамият | 08:44 / 28.09.2016
15603
1 дақиқада ўқилади

Том Ҳэнкс тасодифан ёш келин-куёвнинг фотосессиясида муҳрланиб қолди

Ҳолливуднинг истеъдодли актёри Том Ҳэнкс Нью-Йоркдаги Марказий хиёбонда югураётиб, суратга тушаётган ёш келин-куёв - Элизабет ва Райанга дуч келди. У югуришдан тўхтаб, фотосессияда иштирок этди. Уларни суратга туширган фотографнинг дўсти мазкур суратларни Reddit'да чоп этди. 

Пост муаллифининг The Huffington Post'га билдиришича, келин-куёв суратга тушаётганда ўша ерда югуриб юрган киши объективга тушиб қолади, келин унинг кадрдан йўқолишини кутиб, фотоаппаратни пастга туширади. Бироқ "нотаниш" киши бундай қилмайди, у бейсболкасини бошидан олиб, "Салом, мен Том Ҳэнксман" дейди. 

Жаҳонга машҳур актёр келиннинг қўлини ўпиб, унга ҳурмат бажо келтирди, шундан сўнг жуфтликни бундай қутлуғ кун билан табриклаб, "селфи"га тушди ва бу суратни ўзининг Twitter'ига жойлаштирди. 

Мавзуга оид