18:06 / 07.10.2016
6072

Тармоқ фойдаланувчилари iPhone 7 фаоллаштирилиши билан боғлиқ муаммодан арз қилишмоқда

«Олма» техникаси ишқибозлари iPhone 7 смартфонининг фаоллаштирилиши бўйича муаммога дуч келишмоқда. Муаммо шундаки, улар сотиб олган смартфонлар бегона Apple ID'га бириктирилган бўлиб чиқмоқда. Бу ҳақида MacRumors портали хабар беради.

Balders никли фойдаланувчи сўзларига кўра, Apple янги флагманини активлаштиришга боғлиқ муаммо у харид қилиш биланоқ юзага келган. «Мен бу телефонни аввал кимдир ишлатган деб ўйладим, сабаби менинг iPhone қурилмам тушунарсиз Apple ID'га уланган эди. Компаниянинг қўллаб-қувватлаш хизмати смартфонни алмаштириш кераклигини айтишди», — дейди у.

Бу муаммога фақат янги смартфонлар дуч келмади. MacRumors нашри хабарида айтилишича, бу каби тушунмовчиликлар олтинчи авлод девайслари билан бир қаторда янада эскироқ моделларда ҳам кузатилмоқда.

Бундан азият чеккан айрим фойдаланувчиларнинг хабар қилишича, Apple ходимлари ёрдамида улар ниҳоят янги телефонларни активлаштиришга муваффақ бўлишган.

Бегона Apple ID кўрсаткичи билан iPhone 7 активлаштиришга оид қатор муаммолар хизмат кўрсатиш марказларида таъмирлангандан сўнг пайдо бўган.

Top