Ўзбекистон иқтисодиёти йилдан йилга катталашиб боряпти. Буни статистик рақамлар ҳам кўрсатиб турибди. Масалан, 2026 йилнинг учинчи чораги якунларига кўра, мамлакатда ўртача ойлик иш ҳақи 7 млн 274 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18 фоизга ошди. Бунда даромадлар солиқлар чегирилмаган ҳолда ҳисобланган бўлиб, ходимнинг қўлига тегадиган соф маошни англатмайди.

Манба: Миллий статистика қўмитаси
Охирги 4 йиллик даврни оладиган бўлсак, Ўзбекистондаги ўртача ойликлар 94 фоиздан кўпроққа ўсиб, 3 млн 734 минг сўмдан 7 млн 274 минг сўмга етди. Аммо бу ердаги рақамлар меҳнат бозоридаги реалликни аниқ ва тўлиқ акс эттирмаслиги мумкин. Чунки 7,3 млнлик ўртача рақамга кичик фирмалар ва қишлоқ хўжалиги корхоналаридаги маошлар қўшилмайди. Охирги маълумотларга кўра, умумий Ўзбекистондаги банд аҳоли – 14 млн 934 минг киши. Шундан 21 фоизи ёки 3 млн 132 минг киши қишлоқ хўжалиги секторида ишлайди. Ушбу тармоқда ўртача ойликлар эса анча кам – 3 млн 671 минг сўм. Агар барча банд аҳоли даромадлари ҳисобга олинса, мамлакатдаги ўртача маошлар сезиларли даражада камроқ бўлади.
Ойликларнинг медиан миқдори
Ўзбекистонда илк марта ойликларнинг медиан миқдори эълон қилинди. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йилнинг январ–август ойлари учун экспериментал ҳисобланган медиана иш ҳақи 4 млн 166 минг сўм бўлган. Бу – ойлик оладиган ўзбекистонликларнинг ярми шу миқдордан кам, ярми эса шу миқдордан кўп иш ҳақи олишини англатади. Бошқача айтганда, ойлик олувчиларнинг ҳаммасини маошининг ҳажмига қараб бир сафга териб қўйсак, энг ўртада турган одам ойига 4 млн 166 минг сўм ойлик олади.
Агар бу миқдордан 12 фоиз даромад солиғини чегириб ташласак, расмий ойлик олувчиларнинг 50 фоизида “қўлига тегадиган” маош 3 млн 666 минг сўм ёки тахминан 305 доллардан ошмаслиги маълум бўлади. Энг кам ойликлар Сирдарё вилоятида: медиана кўрсаткич 2 млн 998 минг сўм. Солиқни чегириб ташласак, ойликка ишловчи сирдарёликларнинг ярми 2,6 млн сўмгача иш ҳақи олгани маълум бўлади. Энг юқори маошлар эса Навоий вилояти ва Тошкент шаҳрида. Хусусан, пойтахтдаги медиана иш ҳақи 6 млн 791 минг сўм ёки солиқдан кейин 5 млн 976 минг сўм бўлган. Ўртача ойлик маошларга қарасак, медиана билан ўртада жуда катта фарқ борлигини кўрамиз.










