Оммавий ахборот воситаларида фуқаролар pm.gov.uz орқали Ўзбекистон Республикасининг Бош вазирига бевосита мурожаат қилишлари мумкинлиги тўғрисидаги эълон юртдошларимиз учун кутилмаган сиёсий-ижтимоий воқеа бўлди. Бироқ, кимда муаммо йўқ дейсиз? Бу эълон кўпчилик учун хушхабар эди.

Биринчи кун мамлакатнинг турли ҳудудларидан 1000 га яқин мурожаат йўлланди.  Виртуал қабулхона жуда қисқа фурсат ичида оммалашиб кетди. 2 ҳафта ўтиб, мазкур ресурсга келиб тушган мурожаатлар сони 30 мингтага етади, яъни анъанавий равишда барча давлат органларига юборилаётган жами мурожаатлар сонидан ҳам кўп. Ўтган 2 ойдан ошиқроқ вақт мобайнида мурожаатлар сони 220 мингга етди.

Аста-секин фаол ижтимоий жараёнга киришган фуқаролар ортларида уларни ҳимоя қилувчи куч – ҳукуматнинг борлигини янада чуқур ҳис қилиб, мавжуд муаммо-камчиликларни дадил кўтариб чиқа бошладилар.                       

Кимдир молиявий тушунмовчиликларга ечим топди, яна кимдир газ ва электрнинг сифатли таъминотига эга бўлди, кимдир юриб бўлмас кўчасига асфальт ётқизишга эришди, қайсидир юртдошимизнинг автосалондан пластик карточкага машина олгани бир зумда ОАВ ва жамоатчилик эътиборини қозонди. Давлат идорасида битмаган кўплаб шикоятларнинг ҳал этилиши, мамлакат миқёсида минг-минглаб фуқаролар ҳақ-ҳуқуқларининг таъминланаётгани улкан ижтимоий ўзгаришларни бошлаб берди. Биринчи навбатда, халқнинг давлатга бўлган ишончи ортди. Виртуал қабулхона муайян масаланинг ўз вақтида ечимининг топиши биринчи галда жойлардаги мансабдор шахсларнинг масъулиятига, хоҳишига боғлиқ эканлигини исботлаб берди. 

 

Ҳар бир фуқарога мурожаат қилиш имкони яратилган

Мурожаат йўллаш усулларида аҳолининг ҳар бир қатламининг имкониятлари ҳисобга олинган. Фуқаролар 3 усулда: интернетнинг pm.gov.uz манзилидаги махсус шаклни тўлдириш, 210-00-00 ёки “1000” қўнғироқларга бепул хизмат кўрсатиш хизматига қўнғироқ қилиш, Ўзбекистон Либерал Демократик Партиясининг ҳудудий кенгашларига ташриф буюриш орқали мурожаат йўллаши мумкин. pm.gov.uz орқали мурожаат юборганда фуқародан исм-шарифи ҳамда телефон рақамидан бўлак шахсий маълумотлари талаб этилмайди.

Қолаверса, аҳоли томонидан интернетда эълон қилинаётган видеомурожаатлар ҳам ҳукумат назаридан четда қолаётгани йўқ. Мисол учун, ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятининг Қибрай туманида яшовчи тадбиркорнинг Ўзбекистон Республикаси Бош вазирига шикоят тарзида эълон қилган видеомурожаатида кўтарилган масала ўз вақтида ўрганилиб, тадбиркорга амалий ечим кўрсатилган.