Анталия шаҳрида бўлиб ўтаётган Жаҳон иқлим саммити доирасида президент Шавкат Мирзиёев Словения президенти Наташа Пирц Мусар билан учрашди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ўтган йили Словенияга амалга оширилган ташриф давомида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари ҳамда савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Товар айирбошлаш ҳажми ўсгани мамнуният билан қайд этилди. Транспорт, шаҳарсозлик, муҳим минерал ресурслар ва фармацевтика соҳаларида кооперацияни ривожлантириш ҳамда маданий ва туристик алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар ўзаро шерикликни, шу жумладан, Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик доирасида янада мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини тасдиқладилар.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев Бангладеш бош вазири Ториқ Раҳмон билан учрашди.

Самимий мулоқотда Ўзбекистон – Бангладеш муносабатларини янада фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар жадал тус олгани, товар айирбошлаш ҳажми ўсгани мамнуният билан қайд этилди.

Учрашувда ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш ва уни амалий мазмун билан бойитиш, жумладан, сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий шериклик ва саноат кооперациясини кенгайтиришга келишиб олинди.

Шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шу билан бирга, Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котибининг ўринбосари, БМТ Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ижрочи котиби Ясмин Фуад билан учрашди.

Чўлланишга қарши курашиш, таназзулга учраган ерларни тиклаш ва иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.