Ўзбекистон | 16:46 / 05.12.2016
43474
2 дақиқада ўқилади

ЕХҲТ миссияси сайловда кузатилган камчиликларни санаб ўтди

Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ)нинг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини кузатиш бўйича миссияси 4 декабрь куни бўлиб ўтган сайлов жараёнлари бўйича ўз баёнотини тақдим этди.

ЕХҲТ кузатиш миссияси сайлов раҳбарияти ўз ишларида ошкораликни ошириши ва сайловлар керакли даражада ўтказилиши учун кўплаб чораларни кўриши зарурлигини қайд этди.

“Куни кеча бўлиб ўтган сайловга тайёргарлик яхши ташкил этилган. Шунингдек, техник характерга эга баъзи ўзгаришлар кузатилди. Бироқ бу борада ҳали амалга оширилиши керак бўлган ишлар жуда кўп. Шу ўринда инсон эркинликларига жиддий чекловлар қўйилган”, - дейди ЕХҲТ сайлов кузатиш миссияси раҳбари Питер Тейлор. 

“МСК ҳамда оммавий ахборот воситалари фаол тарзда иштирок этишди. Бироқ оилавий сайлаш ҳолатларида бироз камчиликлар кузатилди. Фикримизча, сайловолди тадбирлари ва тренингларни янада мукаммалроқ, жонлироқ ташкил этса, бу сайловчиларнинг нафақат ҳуқуқий саводхонлигини оширади, балки келажакда қонунчиликда зарур ўзгартиришлар кирита оладиган яхши сиёсатчилар етишиб чиқади”, – деди коммиссия раҳбари. 

Шунингдек, ЕХҲТ сайлов жараёнида номзодлар орасида ўзаро дебатлар ўтказилмаганини алоҳида танқид қилди. Музокаралар, дебатлар номзодларнинг ўз дастурларини аҳолига янада тушунарлироқ ва муқобил етказиб беришда хизмат қилишини таъкидлади. Тўрт номзод ҳам бир-бирининг дастури ва унинг ҳукумат сиёсатини танқид қилмагани, бу эса сайлов жараёнида катта етишмовчиликни юзага келтиргани алоҳида қайд этилди.

Мавзуга оид