2017 йилнинг энг асосий ранги эълон қилинди
Физикадан маълумки, дунёдаги турфа ранглар асосан 7 хил тус қоришмасидан ҳосил бўлади. Pantone Color Institute экспертлари ўз мутахассисликларидан келиб чиққан ҳолда 2017 йилнинг асосий рангини эълон қилди, деб хабар қилмоқда Associated Press агентлиги. Унга кўра, келаси йилда сариқ тусга яқинроқ оч яшил ранг урф бўлади.
Институт вице-президенти Лори Прессманнинг баёнот беришича, АҚШ сиёсий жиҳатдан тарқоқ ҳолга келган, бу нарса дунёнинг турли бурчагида, масалан, Буюк Британия ва Италияда ҳам кузатилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, институт экспертлари 1999 йилдан бери ҳар бир йилдаги урф ҳисобланувчи рангни аниқлаб келади. 2017 йилнинг ранги баҳорги табиатга хос ҳисобланади. Шу билан бирга, у 1960-70 йиллардаги норозилик ҳаракатларининг ўзига хос тимсоли ҳам бўлган.
2016 йилнинг асосий ранги сифатида «пушти кварц» ва мовий тус белгиланган. 2015 йилда «марсала» туси эди.
Pantone ҳар йилнинг декабрь ойида келаси йилнинг энг оммабоп рангини аниқлайди. Дизайнерлар ва чакана савдо билан шуғулланувчилар бу хабарни диққат билан кузатишади.