Ўзбекистон | 14:55 / 13.12.2016
76760
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш вазири ўзгарди

Шу йилнинг 13 сентябрида Шавкат Мирзиёев фармонига мувофиқ Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари, Соғлиқни сақлаш, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, жисмоний тарбия ва спорт масалалари комплекси раҳбари лавозимига тасдиқланган Адҳам Икромов энди Соғлиқни сақлаш вазири этиб тайинланган. Бу ҳақда ижтимоий тармоқдаги гуруҳлардан бирида маълумот берилган.

Адҳам Икрамов бир вақтнинг ўзида Бош вазир ўринбосари ҳамда Соғлиқни сақлаш вазири вазифаларини бажаради.

У 2012 йилнинг ёзидан буён Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазири сифатида фаолият кўрсатиб келган Анвар Валиевич Алимовнинг ўрнини эгаллади. 

Шунингдек, бош вазирнинг яна бир ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида ишлаб келган Боситханова Эльмира Иркиновна Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари этиб тайинланган.

Маълумот учун, Адҳам Икромов бундан аввал ҳам шу соҳага раҳбарлик қилганди. У 2009 йилнинг апрелига қадар Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, 2009 йилнинг апрелидан 2012 йилнинг февралигача  соғлиқни сақлаш вазири лавозимида фаолият юритган.

2012 йилнинг 7 августида Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов ўз фармони билан Адҳам Илҳомович Икромовни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг янги ўринбосари, маданият, таълим, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича мажмуа раҳбари этиб тайинлаганди. 

2015 йилнинг июлида эса у Соғлиқни сақлаш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш раҳбари этиб тайинланган эди.

Мавзуга оид