Виктор Гюгонинг «Клод Гё» асарида айнан шу масала - инсон тақдири, ижтимоий тенгсизлик ва давлатнинг жазолаш тизими орқали очиб берилади. Бугун 5 дақиқа’да ушбу асарни шарҳлашни мақсад қилдик.

Воқеалар Парижда яшайдиган Клод Гё исмли ишчи тақдири билан бошланади. У ақлли, уддабурон, меҳнаткаш йигит. Саводи бўлмаса-да, фикрлаш қобилияти, мулоҳаза юритиш лаёқати бор. У қиш кунларининг бирида ишсиз қолади. Уйида нон ҳам, ўтин ҳам тугайди. Оиласи очлик ва совуқдан азоб чека бошлайди. Клод фарзанди ва аёлининг қорнини тўйдириш учун ўғрилик қилади. Натижада улар бир неча кун тўқ ва иссиқ уйда яшашади, Клод эса беш йилга қамалади.

Клод қамоқхонадаги устахонада ишлай бошлайди. Унинг ақли, салобати ва ишбилармонлиги бошқа маҳбусларни ўзига жалб қилади. Орадан кўп ўтмай, маҳбуслар унинг маслаҳатига қулоқ тутадиган, ҳурмат қиладиган бўлишади. Қизиғи, қамоқхонада бош нозир ҳам маҳбусларни бошқаришда Клоднинг таъсиридан фойдаланади. Аммо айнан шу ҳолат унда ҳасад ва нафрат уйғотади.

Бу орада Клоднинг ҳаётида яна бир муҳим инсон пайдо бўлади. Албен исмли ёш маҳбус ундан овқатини бўлишиб ейишни сўрайди. Клод дастлаб ҳайратланади, кейин хурсанд бўлади. Чунки қамоқхонада бериладиган овқат унинг қорнини тўйдирмасди. Шу оддий меҳр бу икки инсонни бир-бирига боғлайди.

Бош нозир уларни бир-биридан ажратишга қарор қилади. Бунинг сабабини тушунтирмайди ҳам. Клоднинг қайта-қайта қилинган илтимосларини инобатга олмайди. Унинг «Нега мени Албендан жудо қиляпсиз?» деган саволига бошлиқ фақат «Шунга», деб жавоб беради.

Мана шу қисқа жавоб асардаги энг оғир манзаралардан бири. Чунки бир инсоннинг тақдири, унинг ҳиссиётлари ва эҳтиёжлари мансабдор шахснинг тушунтиришни ҳам лозим топмаган қарорига боғланиб қолган эди.

Клод аввал илтимос қилган бўлса, кейин огоҳлантиради. У бошлиққа ўйлаб кўриши учун ўн кун муҳлат беради. Аммо унинг талаблари яна рад этилади. Ниҳоят, Клод бош нозирни ўлдиришга қарор қилади.

Бош нозир устахонага кирганида Клод яна бир бор Албенни қайтаришни сўрайди. У ҳатто яхши ишлашга ваъда беради, ўзининг қамоқхонадаги оғир аҳволини тушунтиришга уринади. Аммо бошлиқ яна аввалги жавобини такрорлайди. Шу пайт Клод уни болта билан ўлдиради. Кейин ўз жонига қасд қилишга уринади, аммо тирик қолади.

Клод судда бош нозирнинг йиллар давомидаги камситишлари, севган аёли ва фарзанди ҳақида айтган ҳақоратлари, Албендан жудо қилгани ва унинг илтижоларига қулоқ тутмаганини баён қилади. Клод қилмишининг масъулиятини ўз зиммасига олади, аммо давлатнинг ўз фуқаролари олдида масъулияти борлигини эслатади.