Спорт | 00:50 / 18.12.2016
17151
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик Шерзод Тошматов Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти этиб сайланди

Бирлашган Араб Амирликларининг Абу Даби шаҳрида Осиё қитъасида  боксни ривожлантиришга масъул ташкилот - Осиё бокс конфедерацияси Ижроия қўмитасининг йиғилиши бўлиб ўтмоқда. 

Ушбу муҳим тадбир кун тартибидан Осиё бокс конфедерацияси раҳбар лавозимларига номзодларни сайлаш, Ижроия қўмитасига янги аъзоларни тайинлаш, ташкилотнинг 2015-2016 йиллардаги фаолияти, 2017 йилги спорт мавсумида қитъа миқёсидаги мусобақаларни ташкил қилиш, молиявий масалаларни кўриб чиқиш каби қатор мавзулар ўрин олди. 

Ушбу йиғилишда Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Шерзод Тошматов Осиё бокс конфедерацияси вице-президенти этиб сайланди ва шунингдек, Ижроия қўмитаси аъзолигига қабул қилинди. 

Осиё бокс конфедерацияси Ижроқўми йиғилишида иштирок этган раҳбар ходимлар 19-20 декабрь кунлари Швейцариянинг Лозанна шаҳрида бўладиган Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси – AIBA Ижроия қўмитаси йиғилишида ҳам иштирок этишади. 

Халқаро ҳаваскор боксчилар ассоциацияси яқинда Twitter ижтимоий тармоғи орқали йилнинг энг яхши боксчисини аниқлаш мақсадида сўровнома эълон қилган эди. Унда ўзбекистонлик боксчи, Рио Олимпиадаси чемпиони Ҳасанбой Дўсматов ушбу Олимпия ўйинлари ғолиблари – кубалик Робейси Рамирес ва қозоғистонлик Дониёр Елеуссиновни катта фарқ билан ортда қолдириб, 2016 йил якунларига кўра "Энг яхши боксчи" деб топилганди.

AIBA тадбири доирасида Ҳасанбой Дўсматов шу унвон билан тақдирланиши кутилмоқда. 

 

Мавзуга оид