БААнинг Дубай шаҳрида бокс бўйича катталар ўртасидаги IBA Жаҳон чемпионати якунланди. Ўзбекистондан олти нафар боксчи финалгача етиб келди ва уларнинг икки нафари олтин, тўрт нафари кумуш медалларга эга бўлди.

Дастлаб -51 кг вазн тоифасида икки карра Олимпиада ва жаҳон чемпиони Ҳасанбой Дўсматов россиялик Баир Батлаевга қарши рингга кўтарилди.

Жанг тўлиқ давом этди ва унда Ҳасанбой Дўсматов 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Шу тариқа, Дўсматов икки карра жаҳон чемпионига айланди.

Иккинчи финал баҳсида -60 кг вазн тоифасида Олимпиада ва жаҳон чемпиони Абдумалик Халоков россиялик Всеволод Шумковга қарши рингга чиқди.

Тўлиқ давом этган жангда Абдумалик 3:4 ҳисобида имкониятни бой берди ва мусобақани кумуш медал билан якунлади.

Яна бир финал баҳсида -67 кг вазн тоифасида Асадхўжа Мўйдинхўжаев Россия вакили Евгений Коол устидан 5:0 ҳисобида ғалаба қозониб, олтин медалга сазовор бўлди.

Асадхўжа Мўйдинхўжаев шу йил сентябрда World Boxing томонидан ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлганди.

Мусобақада -80 кг вазн тоифасида иштирок этган Жавоҳир Умматалиев финалда россиялик Жамбулат Бижамовга 0:5 ҳисобида имкониятни бой бериб, кумуш медал билан кифояланди.

Жавоҳир ҳам сентябр ойида World Boxing томонидан ўтказилган жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритганди.

Жаҳон чемпионатида -92 кг вазн тоифасида рингга кўтарилган Тўрабек Ҳабибуллаев россиялик Муслим Гажимагомедовдан 0:5 ҳисобида мағлубиятга учради.

У World Boxing Жаҳон чемпионатида олтин медалга сазовор бўлганди.

Энг оғир (+92 кг) вазн тоифасида қатнашган Арман Маханов финалда россиялик Давид Суровга қарши жанг ўтказди. Мураббийларимиз 2-раундда жангни тўхтатишга қарор қилишди ва Маханов мусобақани кумуш медал билан якунлади.