Қарз олди-бердиси жамият аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлардан биридир. Инсон ҳаётининг барча жабҳаларидаги каби, динимизда бу борада барча йўл-йўриқлар ҳам мукаммал ва чиройли баён қилиб берилган. Аллоҳ таоло Ўзининг Каломи – Қуръони каримдаги энг узун ояти каримани айнан шу масалага атаб нозил қилган. Замонамиз уламоларидан машҳур муфассир Ваҳба Зуҳайлий ўзининг «Тафсирул Мунир» асарида бу ҳақда шундай дейди:

«Қуръони каримдаги энг узун оятнинг қарз олди-бердисига бағишланиши, молиявий ҳукмнинг баён қилиниши Аллоҳнинг наздида мол-дунёнинг таҳқир қилинишини эмас, балки унинг ҳурмати нақадар баландлигини кўрсатади».

Дарҳақиқат, шундай. Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасига беҳисоб ризқ берса, хоҳлаган бандасини етишмовчилик билан, молиявий муаммолар билан синайди. Шунинг учун кишилик жамиятини қарз олди-бердисиз тасаввур қилиш мумкин эмас. Қуш тирикчилик қилиши учун қанот қоқишга мажбур бўлганидек, ризқ топиш, мол-дунёни қўлга киритиши учун инсондан ҳам маълум бир саъй-ҳаракатлар талаб этилади. Уларнинг машруъ йўлларини белгилаб бериш эса диннинг вазифасидир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мол-дунё топиш, тирикчилик қилиш учун ҳаракат қилиш лозимлиги ҳақида кўпгина оятлар нозил қилган:

«Набаъ» «Ва кундузни тирикчилик қилиб қўйдик» (Набаъ сураси, 11-оят).

««Жумуъа» «»Намоз тугаганидан сўнг ер юзи бўйлаб тарқалинг ва Аллоҳнинг фазлидан талаб қилинг ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинг. Шоядки, зафар топсангиз» (Жумъа сураси, 10-оят).

Баъзилар динда мол-дунё, бойлик қораланган деб ўйлашади. Аммо бу динимизнинг моҳиятини, илоҳий ҳикматларини нотўғри тушуниш оқибатидир. Исломда мол-дунёнинг ўзи эмас, балки унга ўч бўлиш, ружуъ қўйиш ва натижада Аллоҳ кафолатлаб қўйган ризқни деб тоат-ибодатдан чалғиш, гуноҳга ботиш қораланган. Агар динимизда мол-дунё қоралаган бўлса, шариатимизда садақа, хайр-эҳсон, закот, ҳаж каби молиявий ибодатлар жорий қилинмаган бўлур эди. Биз ўрганаётган ояти карима ана шундай молиявий ибодатлардан бири қарз ҳақидаги мавзуга бағишланган.

«Қарз» сўзи араб тилида «узиб олиш», деган маънони билдиради. Масалан, кесиш, узиш учун ишлатиладиган қайчи араб тилида «миқроз» дейилади. Қарз берувчи ўзининг молидан бир қисмини узиб, кесиб, қарздорга бергани учун ҳам маълум муддатга пул ёки моддий қиймат бериб туриш мана шу сўз билан аталадиган бўлиб кетган. Аммо зиммага олинган қарз мажбурияти, бировга тегишли бўлган ҳақ араб тилида «дайн» деб аталади. Шунинг учун Бақара сурасининг 282-ояти «ояти мудояна», яъни «қарз олди-бердиси ояти» деб аталади:

Бақара «Эй иймон келтирганлар! Маълум муддатга қарз олди-берди қилсангиз, уни ёзиб қўйинглар. Орангизда бир котиб уни адолат билан ёзсин. Ҳеч бир котиб Аллоҳ билдирганидек қилиб ёзишдан бош тортмасин. У ёзсин, ҳақ зиммасига тушган киши эса айтиб турсин, Роббига тақво қилсин ва ундан ҳеч нарсани камайтирмасин. Агар ҳақ зиммасига тушган киши эсипаст, заиф ёки айтиб тура олмайдиган бўлса, унинг валийси адолат билан айтиб турсин. Эркакларингиздан икки кишини гувоҳ қилинг. Агар икки эр киши бўлмаса, ўзингиз рози бўладиган гувоҳлардан бир эр киши ва икки аёл киши бўлсин, икковидан (аёллардан) бири адашса, бири бошқасининг эсига солади. Чақирилган вақтда гувоҳлар бош тортмасинлар. Кичик бўлса ҳам, катта бўлса ҳам, муддатигача ёзишингизни малол олманг. Мана шу Аллоҳнинг ҳузурида адолатлироқ, гувоҳликка кучлироқ ва шубҳаланмаслигингиз учун яқинроқдир. Аммо ораларингизда юриб турган нақд савдо бўлса, ёзмасангиз ҳам сизга гуноҳ йўқ. Олди-сотди қилганингизда гувоҳ келтиринг, котиб ҳам, гувоҳ ҳам зарар тортмасин. Агар (аксини) қилсангиз, албатта, бу фосиқлигингиздир. Аллоҳга тақво қилинглар, Аллоҳ сизга илм берур. Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир»