Жаҳон | 16:59 / 17.01.2017
5893
2 дақиқада ўқилади

Германияда неонацистлар партиясини тақиқлашга бўлган иккинчи уриниш ҳам барбод бўлди

фото: Reuters

Германиянинг Карлсруэ федерал конституциявий суди Бундесрат (Федерал кенгаш)нинг мурожаатини рад этди. Федерал кенгаш Германиянинг неонацистик кайфиятдаги национал-демократик партиясини тарқатиб юбориш ва унга мамлакат сиёсий ҳаётида иштирок этишни тақиқлашни сўраган эди. 

ГФР конституциясига кўра, мамлакатдаги бирор партияни тақиқлаш учун, бирлашма ўз аъзоларини "эркин демократик тузумни йўқотиш ёки чеклаш" ёхуд "Германия Федератив Республикаси мавжудлигини таҳдидга қўйиш"га чақираётгани исботланиши керак. 

ФКС партиянинг унчалик ҳам оммалашмаганини эътиборга олиш баробарида мамлакатга нисбатан таҳдид мавжудлигини топмаган. 

Бундесрат Германия национал-демократик партиясини тақиқлашни талаб қилган аризасини 2013 йил декабрида топширган. 250 саҳифалик мурожаатда ГНДПнинг 1930-40 йиллардаги Германия национал-социализм ғояларига ўхшаш жиҳатлари қайд этилган. Бундесратга кўра, партия ўз ғояларини тарғиб қилишда агрессив, зўравонлик ва конституцияга зид усуллардан фойдаланади. 

Бундан аввал, 2001 йилда Гёрхард Шредер ҳукумати ҳам ушбу партияни тақиқлаш борасида уриниб кўрган эди. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид