Жамият | 12:02 / 26.01.2017
8886
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга келувчи малайзиялик зиёратчилар сони ортиши кутилмоқда

Малайзия туризм вазири малайзиялик мусулмон сайёҳлар талаб ва таклифларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон зиёратгоҳларига сафар уюштириш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди, деб хабар берди Давлат туризм қўмитаси матбуот хизмати.

FITUR-2017 Халқаро сайёҳлик кўргазмаси доирасида Давлат туризм қўмитаси А.Шарапов Малайзия туризм ва маданият вазири Муҳаммад Насри бин Абдул Азиз билан музокаралар ўтказди.

Учрашув давомида ўзаро манфаатли ҳамкорлик масалалари ва Малайзия бозорида мамлакатимиз туристик салоҳиятини илгари суриш муҳокама қилинди.

Хусусан, Малайзия туризм вазири малайзиялик мусулмонлар учун Ўзбекистон зиёратгоҳларига ташриф буюриш масаласини кўриб чиқишни таклиф қилди. Туризм вазири маълумотига кўра, ҳар йили тахминан 250 минг малайзиялик мусулмонлар Ҳаж ва Умра зиёратига боради.

Ғоя Бухоро, Самарқанд, Тошкент ва Шаҳрисабз шаҳарларининг катта туристик салоҳияти, кўплаб муқаддас қадамжолар, азиз авлиёлар ва олиму уламолар мақбаралари борлигини эътиборга олиб амалга оширилиши мумкин ва Малайзиядан мамлакатимизга келаётган туристлар сонини кескин ошишига олиб келади.

Мавзуга оид