Ўзбекистон баҳоловчилари жамияти раиси Зебунисо Эсонова ва баҳоловчи эксперт Шуҳрат Абдуваҳобов Kun.uz’га берган интервюсида оммавий баҳолаш натижаларидан жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиладиган мулкка компенсация белгилашда фойдаланиш юзасидан ўз хавотирларини билдирди.

Уларнинг фикрича, оммавий баҳолаш орқали аниқланадиган “бозорга яқин қиймат” муайян кўчмас мулкнинг бозор қиймати ўрнини боса олмайди. Солиқ ҳисоблаш учун пастроқ белгиланган қиймат компенсацияга асос қилиб олинса, бу мулкдорнинг зарарига ишлаши мумкин.

“Бозор нархидан паст бўлса, мулкдор манфаатига зарар етади”

Шуҳрат Абдуваҳобовнинг тушунтиришича, оммавий баҳолашда кўчмас мулклар гуруҳларга ажратилиб, умумлаштирилган маълумотлар асосида қиймат аниқланади. Компенсация эса аниқ бир мулк учун тўланади. Шу сабабли унинг индивидуал хусусиятларини ўрганиш зарур.

“Оммавий баҳолашда кўчмас мулклар бир тип бўйича гуруҳлаштирилиб, олинган маълумотлар битта эталон нархга келтирилади. Кейин шу нарх кўчмас мулкнинг майдонига кўпайтирилиб, қиймат аниқланади.

Компенсация миқдорини аниқлашда буни қўллаш мумкин эмаслигининг сабаби — индивидуал ёндашув йўқ. Компенсация қилинаётган объектнинг ҳақиқий қиймати ўртача қийматдан паст ҳам, юқори ҳам бўлиши мумкин. Юқори бўлса, мулкдор манфаатларига зарар етади. Паст бўлса, давлат манфаатларига ҳам зарар етиши мумкин”, — деди у.

Эксперт интервюда оммавий баҳолаш натижалари бозор қийматидан паст шаклланган ҳолатга алоҳида тўхталди. Унинг айтишича, бундай қийматдан компенсация ҳисоблашда фойдаланиш мулкдорга уйининг бозор нархини олиш имконини бермайди.

“Агар марказ ходимлари “бозор қийматидан анча паст баҳолаганмиз” деб айтишаётган бўлса, компенсация миқдори аниқланаётганда бу ўз-ўзидан бозор нархини бермайди, ундан кам нархни беради. Бу мулкдорнинг манфаатига зарар етказади.

Айрим фуқаролар, хусусан, якка тартибдаги турар жой, ҳовли эгалари баҳолаш натижаси реал бозор қийматидан анча пастлигини айтишяпти. Эртага давлат, жамоат эҳтиёжлари учун ер майдони олиб қўйиладиган бўлса, оммавий баҳолаш натижаларини компенсация учун қўллаш мулкдорларнинг манфаатига зарар етказади”, — деди Абдуваҳобов.

Кадастрга киритилмаган иморатлар нима бўлади?

Шуҳрат Абдуваҳобовнинг фикрича, яна бир муҳим масала — оммавий баҳолашда фойдаланиладиган маълумотларнинг қамрови. Кадастр маълумотларида мулкдорнинг ҳовлисидаги барча иморатлар ёки кўп йиллик дарахтлар акс этмаган бўлиши мумкин.