Жамият | 16:58 / 28.01.2017
11940
3 дақиқада ўқилади

Ўтказилган “Карьера куни”да битирувчи ёш мутахассислар муносиб иш ўринларига эга бўлдилар

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонуни ва Кадрлар тайёрлаш миллий дастурида мамлакатимизда замонавий меҳнат бозорини ривожлантириш, янги иш жойларини барпо этиш, ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш, кадрлар танлашнинг замонавий воситаларини татбиқ этиш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Айни масалада мамлакат Президенти Ш.Мирзиёевнинг “Бугуннинг ўзида ҳар бир битирувчини аниқ бир ташкилотга бириктиришни таъминлаш билан бирга унинг бўлажак иш жойи, иш ҳақи ва ижтимоий шароитларини аниқ белгилаш зарур” – деган сўзлари алоҳида аҳамият касб этишини таъкидлаш лозим.

Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг жорий ўқув йили битирувчилари учун ташкил этилган анъанавий “Карьера куни” ахборот таништирув тадбирида 230дан ортиқ, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, Марказий банк ва тижорат банклари, Савдо-саноат палатаси, қатор йирик корхона ва ташкилотлар, муассасалар, фирмалар 1088 та бўш иш ўринларини таклиф этдилар.

Маълумот учун айтиш керакки, университетда ёшларни иш билан таъминлаш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Жумладан, жорий 2016-2017 ўқув йили учун бакалавриат босқичидаги мавжуд 13 та таълим йўналиши ҳамда 19 та магистратура мутахассислиги бўйича таълим даргоҳини тамомлаётган 1262 нафар (бакалавриат босқичида 927 нафар ва магистратура босқичида 335 нафар) битирувчилар ректорат, деканатлар ва мутахассислик кафедралари томонидан битирувчиларни касбга йўналтириш, ишга тақсимлаш режасиишлаб чиқилган.

Тадбир доирасида бўш иш ўринлари бўйича ўз таклифлари билан иштирок этаётган муассаса ва ташкилотларга битирувчи талабалар тўғрисида маълумотлар тақдим этилди. Битирувчи ёш мутахассислар томонидан таклиф асосида замонавий усулда билим ва малака тақдимотлари уюштирилди ҳамда улар билан таклиф этилган вазирликлар, идора ва ташкилотлар вакиллари ўртасида мулоқотлар олиб борилди.

Натижага кўра, ишга жойлаштириш бўйича университет билан шартномалар имзоланди ва 484 нафар битирувчи ўз эгаллаган мутахассисликларига мос иш ўринларига эга бўлди.

Шунингдек, тадбир давомида Микрокредитбанк АТБ мутасаддилари томонидан “Бўш иш ўринлари ва ўз бизнесини бошламоқчи бўлган талабаларга микрокредитлар ажратиш тартиби” мавзусида семинар ўтказилди.

“Карьера куни” тадбири кенг ахборот таъминоти асосида ташкил этилди. Шу билан бирга, тадбир иштирокчиларига университетдаги мавжуд моддий-техник база, ўқув, тарбиявий, илмий жараёнлардаги инновациялар, рақобатбардош мутахассислар тайёрлашнинг энг диққатга сазовор томонларини ёритиб берилди.

Мавзуга оид