Президент фармонига кўра, 2027 йилдан аҳоли, айниқса ёшлар ва давлат хизматчиларининг волонтёрлик фаолиятига оид билим ва кўникмаларини ривожлантириш бўйича янги чора-тадбирлар амалга оширилади.

Хусусан, волонтёрлик қилиш истагидаги ёшлар учун Service Learning — ижтимоий хизмат асосидаги таълим дастури доирасида қисқа муддатли ўқув курслари ташкил этилади.

Шунингдек, давлат олий таълим муассасалари талабалари ва техникум ўқувчилари учун «Касбий волонтёрлик» дастури жорий қилинади.

Дастур доирасида давлат органлари ва ташкилотлари талабалар ҳамда техникум ўқувчиларининг дарсдан бўш вақтларида волонтёрлар гуруҳи таркибида фаолият юритиши учун зарур шароитларни яратади.

Талабалар ўз мутахассислигига мос волонтёрлик дастурларида ихтиёрий равишда иштирок этиши мумкин.

Энг муҳим янгиликлардан бири — волонтёрлик тажрибаси ишга қабул қилишда устунлик бериши мумкин.

2027 йил 1 январдан тажриба-синов тариқасида «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларига ижтимоий ходимларни ишга қабул қилишда янги тартиб қўлланилади.

Унга кўра, номзодларнинг малака талаблари бўйича кўрсаткичлари тенг бўлган тақдирда, волонтёрлик фаолияти билан шуғулланган номзодларга устунлик берилади.

Мазкур тартиб волонтёрлик билан шуғулланган барча талабаларнинг автоматик равишда ишга қабул қилинишини англатмайди. Устунлик фақат белгиланган шартлар асосида, тегишли лавозимларга танлов жараёнида қўлланилади.