
Кечагина фантастика олами технологиялари бўлиб туюлган жиҳозлар, бугунги кунда ҳақиқатга айланмоқда. Биз ҳар йили январь ойида Лас-Вегасда бўлиб ўтадиган CES истеъмол технологиялари кўргазмасида бунга амин бўлдик.

Инсон онгини лол қолдирувчи ушбу ажойиб томоша компанияларнинг электрон саноатидаги эришган ютуқларини намойиш этди. Кўргазма доирасида ишлаб чиқарувчилар, келаси 5-10 йил ҳайратланарли ва жуда қулай бўлишини исботлашди. Хусусан, виртуал ва ҳақиқий дунёни боғловчи электрон тармоққа улана оладиган интернет буюмлар (IoT) соҳасини алоҳида қайд этиш мумкин. Айниқса, бу борада йил сайин технологияларни ривожлантиришнинг янги усулларини топаётган LG Electronics компанияси ажойиб маҳсулотларини намойиш қилди.

Масалан, LG Smart Insta View музлатгичи билан уйингиздаги энг севимли ва шинам жой – ошхонангиз янада қулай бўлади. Тасаввур қилинг, музлатгич эшигини икки марта тақиллатиш билан сенсорли экранда унинг ичидаги маҳсулотларнинг суратини кўришингиз мумкин! Бундан ташқари, ушбу оддий маиший техника қатор фойдали функцияларга эга. Уларни Amazon компаниясининг Alexa Voice Service овозни таниш хизмати воситасида ишга тушириш мумкин. Эндиликда, музлатгич маҳсулотларни нафақат сақлайди ва музлатади, балки таом тайёрлаш усулини тақдим қилиши, мусиқа ижро этиши, Amazon сайтида маҳсулотларга буюртма бериши, зарурий маҳсулотлар рўйхатини тузиши, таймерни белгилаши мумкин. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Smart Tag менюси музлатгичда қандай маҳсулотлар сақланаётганини ва уларнинг яроқлилик муддатини кўрсатувчи ёрлиқ ва стикерларни ҳам қўшиш имконини беради. Эндиликда сиз, музлатгичнинг бир бурчагида турган пишлоқ неча йил сақланганини билишингиз мумкин бўлади. Яна бир қулай жиҳати, музхонадаги маҳсулотларни смартфон орқали кўриш имкониятидир. 2.0 мегапикселли камера ёрдамида сиз дўконда турган ҳолингизда нима харид қилиш кераклигини осонлик билан аниқлай оласиз.
Телефон орқали бошқариш имконини берадиган кир ювиш машинасига нима дейсиз? Ишдан қайтишдан ярим соат аввал ишга туширсангиз, уйга киргач, ювилган кийимларни дорга осиб чиқиш қолади, холос.

















