Фойдаланувчилар LG компаниясини телевизор ёрдамида суҳбатларни махфий тинглаши ва сунъий интеллектни ўқитиш учун маълумот тўплаши мумкинлигида айблай бошлади. Техас бош прокурори Кен Пакстон LG (ва бошқа бир қанча компаниялар) устидан даъво аризаси киритиб, уларнинг телевизорлари эгаларининг розилигисиз экран тасвирларини олишини даъво қилганидан сўнг вазият янада кескинлашди.
Даъво аризаси киритилганидан кўп ўтмай, LG фойдаланувчи келишувини янгилади. Бироқ янги бандлар янада кўпроқ саволлар туғдирди, деб ёзди BGR нашри.
LG телевизори суҳбатларингизни «тинглайдими»?
LG компаниясининг янгиланган шартларида таъкидланишича, уларнинг телевизорлари қурилма яқинидаги одамларнинг нутқини ёзиб олишга қодир бўлган сунъий интеллектга асосланган овозни аниқлаш хизматларидан фойдаланади. Шу билан бирга, тинглаш ва махфийлик тўғрисидаги қонунларга риоя қилиш масъулияти амалда телевизор эгасининг зиммасига юклатилмоқда.
Бошқача айтганда, фойдаланувчи ўз уйидаги меҳмонлар ва яқинлари овозли маълумотлар қайта ишланиши эҳтимолидан хабардор эканлигига ҳамда бунга розилигига ишонч ҳосил қилиши керак. Айнан шу банд кўплаб танқидларга сабаб бўлди: қурилма эгалари буни LG масъулиятни фойдаланувчиларнинг ўзига юклашга уринаётгани сифатида қабул қилди.
Кейинроқ LG ушбу вазиятга изоҳ бериб, LG телевизорлари хонадаги суҳбатларни тўпламаслиги, ёзиб олмаслиги ва сақламаслигини, бундай имкониятга эга ҳар қандай функциялар ихтиёрий эканини таъкидлади.
Бироқ бу баёнот LG компаниясининг аввалроқ эълон қилган ҳужжатига зид келади. Унда компания телевизорлари атроф-муҳитдаги суҳбатларни тўплаши, ёзиб олиши ва сақлаши мумкинлиги айтилган.
Бу LG билан боғлиқ биринчи жанжал эмас
LG компаниясида махфийлик билан боғлиқ муаммолар аввал ҳам юзага келган. Хусусан, 2013 йилда компания Смарт ТВ эгаларини кузатишда айбланган эди. Шунда телевизорлар суҳбатларни ёзиб олмаган, бироқ эгалари томоша қилган телеканаллар ва дастурлар ҳақида доимий равишда маълумот тўплаб борган. Жамоатчилик эътирозларидан сўнг LG ушбу муаммони ҳал қилувчи дастурий таъминот янгиланишини чиқарган.
















