Жаҳон | 09:53 / 26.02.2017
48410
4 дақиқада ўқилади

Дайжест: Президентга муовин рафиқа, ИШИДдан озод бўлган ерлар, энг кучли армия ва шов-шувли суиқасд тафсилоти

Ўтган ҳафта мобайнида халқаро ҳаётда муҳим воқеалар содир бўлди. Ана шу хабарларнинг энг муҳим ва қизиқарлилари ҳафталик дайжестда.

КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг акаси Ким Чон Нам Малайзияда суиқасд қурбони бўлди. Ким Чон Намга Куала-Лумпур шаҳри аэропортида заҳарли игна билан қуролланган икки аёл ҳужум қилган. Бутун дунё нигоҳи ўтган ҳафта давомида мана шу воқеага қаратилди. Воқеалар ривожининг тўлиқ баёни.

Сўнгги вақтларда (аниқроғи, январь ойидан эътиборан), халқаро майдондаги янгиликларни кузатиб бораётган бўлсангиз, МДҲнинг қатор мамлакатлари, хусусан, Украина, Қозоғистон, Россия ва Қирғизистонда ўсмирлар ўртасида ўз жонига суиқасд қилиш ҳоллари кўпайиб бораётгани ҳақида бонг уришмоқда. Бу ҳақда батафсил.

Кейинги 5 йилда ким кўп қурол сотган ва ким кўп қурол сотиб олган? Бу саволга Дунё муаммоларини тадқиқ қилиш бўйича Стокҳольм халқаро институти (SIPRI) маълумотларидан жавоб топиш мумкин.

2050 йилга бориб биз билган дунё, ундаги иқтисодий ва молиявий муҳит мислсиз даражада ўзгариши мумкин. Қайси мамлакатларнинг иқтисодиёти энг кучли бўлиши кутилаяпти?

Озарбойжон президенти Илҳом Алиев ўзининг турмуш ўртоғи Меҳрибон Алиевани республиканинг биринчи вице-президенти этиб тайинлади. У бу қарорини рафиқасининг республика ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётидаги ўта муҳим ўрни билан боғлади

Владимир Путин Эрон билан Сурияни бўлиб олиш ҳақида келишишга уриниб, шунингдек, унга уран етказиб бериб, Сталиннинг энг фалокатли хатосини такрорламоқда, дейилади Марк Лангфаннинг Arutz 7 учун ёзган мақоласида.

Дунёдаги банкнотлар ишлаб чиқарувчи энг йирик компания De La Rue Тожикистон миллий банкида ўзининг маҳсулотини тақдим этди. Британия компанияси хизматларидан дунёнинг 150га яқин мамлакат миллий банки фойдаланади.

Украина собиқ президенти Виктор Януковичнинг жаҳон етакчиларига йўллаган мактублари тўла матни эълон қилинди. Янукович Германия, Франция ва Польша етакчилари, қатор халқаро ташкилотлар ва Россия ҳамда АҚШ президентларига хабарлар юборган.

Қозоғистон парламентининг қуйи палатаси (Мажилис) Қозоғистон ва Россия ўртасида Эмба полигонидан ижара асосида фойдаланишни тўхтатиш бўйича келишувни қайта кўриб чиқишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини маъқуллади.

Ироқ федерал полицияси тезкор гуруҳлари Мўсул шаҳри аэропортини ИШИД жангариларидан тортиб олди. Аэропорт икки йилдан буён жангарилар қўлида эди.
Суриянинг Ал-Боб шаҳри ИШИД жангариларидан бутунлай озод қилинди. Ал-Боб шаҳри ИШИДнинг Суриядаги таянчларидан бири эди.

Москвада иш ҳақларини ололмаган тожик ва ўзбек муҳожирлари иш ташлаш ўтказишди. Улар ойлик маошлари тўланмаганидан ғазабда бўлганлар. Маълумотларга кўра, ишчилар беш ойдан бери иш ҳақларини олишмаган. Намойишчилар ўз юртларига ўтган йили қанча пул юборганишганини ҳам яширишмаган.

Credit Suisse нашри айни дамда дунёда кучли бўлиб турган армиялар рўйхатини эълон қилди. Унда сайёранинг турли мамлакатлари армияси киритилди. Тўлиқ рўйхат билан бу ерда танишишингиз мумкин.

Суриянинг ИШИД террорчилари зўравонлигидан қочган Ал-Боб аҳолиси шаҳарга яқин бўлган аҳоли пунктларидаги чодирларда кун кечиришга мажбур бўлишмоқда. Ал-Боб аҳолисининг бир қисми, асосан аёллар ва болалар Сурия озодлик армияси кучлари томонидан назорат қилинувчи Сусанбот қишлоғи яқинида жойлашишган.

Суперкарлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган Pagani фирмаси асосчиси Горацио Пагани Маранеллодаги Ferrari заводидан F12tdf суперкарининг махсус ишланган намунасини қабул қилиб олди. Автомобиль Пагани буюртмаси асосида ягона нусхада ишлаб чиқилган.

Мавзуга оид