Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.

 

Ғазодаги вазият

Исроил самолётлари 24 соат ичида Ғазо секторига 34 марта ҳаво зарбалари берган. Ҳужумлар асосан фуқаролик объектлари ва инфратузилмага қаратилган.

Шундан бири «ҳуманитар хавфсизлик ҳудуди» деб эълон қилинган «Ал-Мавасий» қочқинлар лагерига берилган зарба бўлди. «Нусайрат» ва «Ал-Мавасий» қочқинлар лагерларига авиазарбалар натижасида 13 киши, жумладан, 7, 11 ва 13 ёшли уч ака-ука ҳалок бўлган.

Гувоҳларнинг айтишича, Исроил жанговар самолётлари қочқинлар лагерларидаги иккита уйга зарба бериб, катта вайронагарчилик ва моддий зарарга сабаб бўлган. Шунингдек, қутқарувчилар вайроналар остида қолган бедарак йўқолганларни қидириш ишларини давом эттирмоқда.

Дайр-ул-Балаҳ шаҳрининг марказий қисмидаги бинога берилган зарба оқибатида 8 фаластинлик ҳалок бўлди. Улар орасида инсонпарварлик ташкилотлари ходимлари ҳам борлиги айтилмоқда. Ҳалок бўлганларнинг жасадлари ҳужум яқинидаги йўлда топилган.

Маҳаллий ҳокимият ва тиббий манбаларнинг таъкидлашича, бу ҳужумлар Ғазо секторидаги аҳолига нисбатан қирғиннинг давоми бўлиб, асосан тинч аҳоли нишон қилинмоқда.

Исроилнинг Ғазо секторига ҳужумлари қурбонлари сони 45 минг 658 нафарга етди. 2025 йил бошидан буён Исроил армиясининг Ғазо секторидаги ҳаво ҳужумлари 71 фаластинликнинг ҳаётига зомин бўлди, 145 киши яраланди.

 

Ҳусийчиларнинг Исроил объектларига ҳужуми

Ҳусийчилар бир ҳафта ичида АҚШ ва Исроил объектларига 22 та ҳужум уюштирди, деб хабар берди Абдулмалик ал-Ҳусий Al Masirah телеканалида. Ҳужумларда баллистик ракеталар ва дронлар қўлланган.

Ал-Ҳусийнинг маълум қилишича, ҳужумлар мақсадлари орасида Исроилнинг Тел-Авив, Қуддус шаҳарлари, Бен-Гурион аэропорти, Неватим авиабазаси ва электр станцияси бор. Шунингдек, АҚШнинг USS Harry S. Truman авиаташувчи кемасига 11 та ракета ва дрон билан зарба берилгани айтилган.

Ҳусийчилар етакчиси маълумотига кўра, 2024 йил давомида АҚШ ва Буюк Британия Яман ҳудудига 931 та зарба берган. Бу ҳужумлар 106 кишининг ҳалок бўлишига ва 314 нафарининг яраланишига сабаб бўлган.