АҚШнинг 2017 йилдаги энг яхши автомобиллари номлари эълон қилинди
АҚШда чоп этилувчи нуфузли Consumer Reports нашри 2017 модел йилининг 10 та сегментдаги энг яхши автомобиллар номларини эълон қилди. Машиналар нашрнинг синовлари, ишончлилик рейтинги, хавфсизлик кўрсаткичлари ва машина эгаларининг фикрлари асосида танланган. Нашр 2014 модел йилидан бошлаб 300 мингдан кўпроқ машина эгаларининг фикрини ўрганган.
Toyota Yaris iA субкомпакт автомобили
Mazda компанияси томонидан яратилган ҳамда АҚШда Scion маркаси остида сотилган ҳамда Mazda бозордан кетгандан кейин "Тойота"га айланган автомобиль юқори ишончлилик даражасига эга ва ҳайдовчилар у ҳақда яхши фикр билдирганлар. Нашр ушбу автомобилни арзон седанлар орасида энг яхши машиналардан бири деб топди.
Chevrolet Cruze ихчам автомобил
Нашр муҳаррирларининг таъкидлашларича, янги Cruze ушбу сегментда мутахассислар томонидан энг юқори баҳоланган машиналардан бири ва у Honda Civic ҳамда Toyota Corolla билан рақобатлаша олади.
Toyota Prius ихчам гибрид
Нашрда таъкидланишича, "Приус" юқори ишончлилик даражасига эга ва ҳайдовчилар у ҳақда жуда ижобий фикрлар билдиришган. Машина эгаларидан кўпчилиги бу моделни кейинги харид қиладиган машинаси сифатида яна танлаган бўлишларини айтишган.
Mazda MX-5 спорткар
Ҳайдовчиларнинг ижобий фикрлари, осон бошқарувчанлик ва тежамкорлик бу родстерга 2017 йилнинг энг яхши машиналари рейтингида ўринни таъминлаган.
Kia Optima ўрта ўлчамли седани
Consumer Reports’да модел юқори ишончлилик кўрсаткичлари, ҳайдовчиларнинг ижобий фикрлари ва нашр мутахассисларининг энг юқори баҳоларига эгалиги айтилган.
Chevrolet Impala катта ўлчамли седани
Нашр мутахассислари "Импала"нинг шинам салони, яхши рул бошқаруви, катта юкхонаси ва ҳамёнбоп нархини қайд қилиб ўтишган. Машинанинг фақатгина ишончлилик кўрсаткичлари ўртамиёна деб топилган.
Subaru Forester ихчам йўлтанламас
Моделнинг ишончлилик кўрсаткичлари ўртадан юқори даражага эга, ҳайдовчилар эса янги машина сотиб олишда Forester’ни харид қилиш ҳақида ўйлаб кўришларини айтишган. Бундан ташқари, мутахассислар машинанинг шинам салони, автомобилга кириш-чиқишнинг қулайлиги ва тежамкор двигателларини қайд қилиб ўтишган.
Toyota Highlander ўрта ўлчамли йўлтанламас
Prius каби бу йўлтанламас ҳам турли рейтинглардан ўрин олиб келади. 8 диапазонли автомат узатмалар қутиси билан жиҳозланган янги Highlander ҳам Consumer Reports томонидан юқори баҳоланган.
Audi Q7 премиал йўлтанламас
Нашрда таъкидланишича, Q7 у томондан синалган барча йўлтанламаслар орасида энг юқори баҳони олган. Автомобилнинг ишончлилик кўрсаткичлари ва ҳайдовчиларнинг у ҳақдаги фикрлари борасида ҳам шундай дейиш мумкин.
Honda Ridgeline ихчам пикап
Нашр мутахассисларининг фикрича, бу пикап катта ва оғир тиркамаларни шатакка олишга ёки жуда ёмон йўллар бўйлаб юришга ярамайди. Бироқ бу машина бизнеси ҳамда гоҳ-гоҳида табиат қўйнига чиқмоқчи бўлганлар ва шу билан бирга унча катта пикапни истамайдиганлар учун энг яхши пикаплардан бирига айланган.
Мавзуга оид
13:58
«Трамп урушларни тўхтата олмайди» – америкалик сиёсатшунос Женнифер Брик
12:46
Икки марта аёлларни ютган Трамп: АҚШнинг янги-эски президенти ҳақида қизиқарли маълумотлар
12:37
Пуэрто-Рико аҳолиси яна бир бор АҚШ таркибига қўшилиш учун овоз берди
09:59