The Aviationist нашрининг хабар беришича, фотограф Жефф Рохас самолётни 1 октябр куни VFA-41 эскадриляси Калифорниядаги Лемур авиабазасига қайтганида суратга олган. Гап борт рақами 102, АҚШ ҳарбий-денгиз кучларидаги рўйхат рақами 168491 бўлган қирувчи ҳақида кетмоқда.

«Қора тузлар» номи билан танилган эскадриля Эронга қарши Epic Fury операцияси давомида USS Abraham Lincoln авиаташувчисидан ҳаракат қилган.

Суратларда самолётнинг олд қисмида бир неча қатор кичик бомба тасвирлари кўринади. Сувости кемаси белгиси эса улардан алоҳида, борт рақамининг олдига чизилган.

Тасвир ташқи кўринишидан Kilo синфига мансуб дизел-электр сувости кемасини эслатади. Бироқ соддалаштирилган расм орқали кеманинг тури ёки номини ишончли аниқлаб бўлмайди. The Aviationist ҳам бу талқинни эҳтимолий версия сифатида келтирган.

Ҳозирча самолёт субмаринага айнан кемага қарши ракета билан зарба бергани ҳақидаги даъво тасдиқланмаган. Сурат ҳужумнинг ўзини эмас, қирувчидаги белгини кўрсатади. Нишон ўша пайтда денгизда, причалда ёки таъмирда бўлгани ҳам маълум эмас.

Шу сабабли воқеани тарихдаги илк шундай ғалаба деб аташга ҳам етарли асос йўқ.

The War Zone нашри VFA-41 эскадрилясининг операция давомида сарфлаган қуроллари рўйхати акс этган стенд суратини ҳам эълон қилган. Унда бўлинма жами 421 та ракета ва бомба қўллагани кўрсатилган.

Жумладан, рўйхатда 173 та GBU-38/B JDAM бошқарилувчи бомбаси, 41 та AGM-154 JSOW қанотли бомбаси ва 10 та AGM-84K SLAM-ER қанотли ракетаси қайд этилган.

SLAM-ER кемага қарши Harpoon ракетаси асосида ишлаб чиқилган бўлса-да, ҳам қуруқликдаги, ҳам денгиздаги нишонларга юқори аниқликда зарба беришга мўлжалланган. АҚШ ҳарбий-денгиз авиация тизимлари қўмондонлиги — NAVAIR маълумотларига кўра, уни F/A-18 оиласига мансуб самолётлардан учириш мумкин.

Бироқ SLAM-ER эскадриля ҳисоботида борлиги айнан шу ракета сувости кемасига қарши ишлатилганини англатмайди. Қуроллар сарфи бутун бўлинмага тегишли бўлиб, қайси самолёт қайси нишонга қандай қурол қўллагани очиқланмаган.

F/A-18F — кўп вазифали Super Hornet қирувчисининг икки ўриндиқли версияси. У ҳаводаги нишонларга қарши курашиш, кузатиб бориш, разведка ва юқори аниқликдаги зарбалар учун қўлланади.