Жамият | 13:40 / 07.03.2017
14020
2 дақиқада ўқилади

МХХ Тожикистондан афюн етказиб беришни ташкил қилган наркофурушларни қўлга олди

Жиноят ишлари бўйича Ургут туман судида Тожикистондан Ўзбекистонга наркотик моддалар етказиб бериш бўйича канал ташкил қилган икки наркофуруш устидан суд бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда Sputnik суд вакилига асосан.

Ургут туманилик икки шахс - Исроил Раҳимов ва Дилмурод Абдуллаев жиноий гуруҳ ташкил этишган ва қўшни Тожикистондаги наркофурушлар билан алоқа ўрнатишган. Биргаликда жиноятчилар наркотик моддаларни етказиб бериш бўйича контрабанда каналини йўлга қўйишган.

"Исроил Раҳимов ва Дилмурод Абдуллаев аввалдан келишилган режа асосида тожик ҳамтовоқларидан йирик ҳажмдаги афюн моддасини олишган. Улар бу моддаларни Ургут туманидаги Чеп аҳоли пункти ҳудудида яширишган", - дея хабар берди суд вакили.

Миллий хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан жиноятчилар вилоят ҳудуди ва ундан ташқарида наркотик моддаларни ўтказиш учун имконият қидиришгани аниқланди.

МХХ ходимлари махсус амалиёт доирасида Исроил Раҳимовни қўлга олди ва унинг яшаш жойида тинтув ўтказилди, у ерда қарийб 4 килограмм афюн топилди. Унинг ҳамтовоғи Дилмурод Абдуллаев эса Тошкентда қўлга олинди. Унинг яшаш жойи кўздан кечирилганда, тахминан 5 килограмм афюн моддаси топилди.

Судда жиноятчилар ўз айбини тан олишди. Айбланувчиларнинг ҳар бири 11 йилга озодликдан маҳрум этилди.

 

Мавзуга оид