Ижтимоий тармоқларда Тожикистондаги Роғун ГЭС қурилиш ҳудудида фавқулодда ҳолат рўй бергани ва пастга сув оқиб тушаётгани акс этган видео тарқалди. Манбалар ҳодиса оқибатида камида беш киши жароҳатланганини хабар қилган.

Тожикистон ҳукумати 28 октябр куни бир ҳафта олдин рўй берган авария юзасидан маълумот берди.

Саноат ва кончилик соҳасида ишларнинг хавфсиз олиб борилишини назорат қилиш давлат хизмати «Азия-Плюс» нашрига берган маълумотда айтилишича, ҳодиса 21 октябр куни тахминан соат 16:15 да ГЭСнинг «Б» секциясида, тўртинчи ярусдаги қурилиш туннелида олиб борилаётган цементлаш ишлари пайтида содир бўлган. Резервуар ёрилиши оқибатида техник сув туннелдаги ишчилар устига оқиб тушган.

«Ҳодиса туннелнинг чиқиш қисмида, 32 ва 33-сонли платформалар ҳудудида содир бўлган. Бу вақтда у ерда Sino Hydro субпудрат компанияси ишчилари бўлган. Техник сув улар устига қуйилган», – дейилади идора изоҳида.

Расмий маълумотларга кўра, туннелнинг ушбу қисмида сув йиғиш учун иккита резервуар жойлашган. Юқоридаги резервуар ёрилгандан сўнг пастдаги сув чиқариш резервуари ҳам шикастланган. Натижада иккала резервуардаги сув бир вақтнинг ўзида туннелнинг ишчилар турган қуйи қисмига оқиб тушган.

Ҳодиса оқибатида ишчилардан ҳеч бирида жисмоний жароҳатлар бўлмагани, уларга тез тиббий ёрдам кўрсатилгани ва ишга қайтишгани қайд этилган.

«Озодлик» радиоси эса ўз манбасига таяниб, ҳодиса оқибатида гидроэлектрстанциянинг камида беш нафар ишчиси тан жароҳати олганини хабар қилганди.

Ҳодиса сабабларини аниқлаш ва бундай ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида ишчи гуруҳ тузилган. Мутахассислар ишлаб чиқариш объектларида сув йиғиш резервуарларининг техник ҳолатини, анкерли маҳкамлагичларнинг ишончлилигини ва хавфсизлик талабларига риоя этилишини ўрганмоқда.

Бу биринчиси эмас

Роғун ГЭС қурилишидаги хавфсизлик масаласи олдинги йилларда ҳам кўтарилган. Жумладан, 2024 йил ноябр ойида қурилиш майдонида юз берган авария оқибатида уч нафар ишчи ҳалок бўлиб, яна бир киши жароҳатланганди.

2025 йилда ҳам хавфсизлик масаласидаги муҳокамалар давом этган. Лойиҳада иштирок этаётган Эрон компанияси ходимларидан бири сифатсиз материаллар ишлатилаётганини тахмин қилган.