Мамлакатимизда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳайдовчи ва пиёдаларга турли қулайликлар яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 2 мартдаги “Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борадаги навбатдаги амалий қадам бўлди, деб ёзади ЎзА.

Қарорга мувофиқ Ўзбекистон ҳудудида 2017 йил 1 октябрдан бошлаб тегишли равишда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштиришда миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг, автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказишда (қайта рўйхатдан ўтказишда) автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг янги намуналари берилиши йўлга қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси бошлиғи, полковник Холматжон САЙДАЛИЕВ ушбу янгилик ҳақида ЎзА мухбирига қуйидагиларни гапириб берди:

– Миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси 1968 йил 8 ноябрдаги Йўл ҳаракати тўғрисидаги Вена конвенцияси тавсияларига мувофиқликни таъминлаш, миллий ҳайдовчилик гувоҳномаларини ҳамда автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳномаларни рўйхатдан ўтказиш ва ҳисобга олиш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишни самарали ташкил этиш мақсадида тайёрланган. Унда конвенция талабларида белгиланган мажбурий маълумотлар лотин алифбосида ўзбек тилида ёзилган.

Ўзбекистон Республикасининг номи давлат тилида, рус ва инглиз тилларида ёзилган миллий ҳайдовчилик гувоҳномаси пластикдан тайёрланади. Гувоҳнома ўлчами 54х86 миллиметрни ташкил этади, қалбакилаштиришдан ҳимоя қилувчи мустаҳкам ва мукаммал ҳимоя воситаларига эга.

Янги нусхадаги гувоҳномада А, В, С, Д, ВЕ, СЕ ва ДЕ тоифалари бўлади. Яъни Е тоифаси учга бўлинди. Бунда ВЕ- А тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннагача бўлган ва ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи саккизтадан ошмайдиган автомобилларни тиркама билан бошқаришга, СЕ- Д тоифасига кирмайдиган, тўла вазни 3,5 тоннадан ортиқ бўлган юк автомобилларини тиркама билан бошқаришга, ДЕ- йўловчи ташишга мўлжалланган, ҳайдовчи ўрнидан ташқари ўриндиғи саккизтадан ортиқ автомобилларни тиркама билан бошқаришга рухсат берилишини билдиради.

Миллий ҳайдовчилик гувоҳномасининг ва автомототранспорт воситаси рўйхатдан ўтказилгани тўғрисидаги гувоҳноманинг пластик шаклда тайёрланадиган янги намуналари босқичма-босқич жорий этилади.