Саудиялик вазир: Нефть қазиб олишни қисқартириш келишуви узайтирилиши мумкин
ОПЕК ташкилотига аъзо бўлган давлатлар май ойида нефть қазиб олиш ҳажмини қисқартириш ҳақидаги келишувни узайтиришлари мумкин. Бу ҳақда Саудия Арабистони энергетика, саноат ва минерал ресурслар вазири Ҳолид бин Абдул ал-Фолиҳ The Wall Street Journal газетасига берган интервьюсида айтиб ўтди.
Унинг таъкидлашича, шартнома натижаларини ижобий, деб баҳолайди. Қайд этилишича, ОПЕК давлатлари орасида келишувни узайтиришга “мустаҳкам тайёргарлик” бор. “Менинг ОПЕК ва ундан ташқаридан бўлган ҳамкасбларим билан мулоқотларим, бу ажойиб натижалар янада яхшиланиши мумкинлигини кўрсатди”, - дея таъкидлаб ўтди ал-Фолиҳ.
2016 йилнинг 30 ноябрь куни ОПЕК Венадаги йиғилишда ўзининг қазиб олиш ҳажмини октябрдаги даражадан кунига 1,2 миллион баррелга қисқартириш ҳақида келишиб олди – 32,5 млн баррелгача. Ўша куни Brent нефти нархи бир баррель учун 3 доллардан кўпроққа қимматлашди.
10 декабрь куни эса ОПЕК аъзоси ҳисобланмайдиган 11 давлат ўзининг қазиб олиш ҳажмини умумий ҳисобда суткасига 558 минг баррелга қисқартиришга рози бўлди. Келишув 2017 йилнинг биринчи ярим йиллиги учун имзоланди.
Режага кўра, ОПЕКнинг кейинги учрашуви 2017 йилнинг 25 май куни бўлиб ўтади. Кутилишича, унда келишувни яна олти ойга чўзиш масаласи муҳокама этилади.