Сайёранинг энг баланд биноси мақоми учун пойга «Бурж Халифа» қурилиши билан якунлангани йўқ. Қуйида турли мамлакатларда келгуси йилларда қуриш таклиф этилаётган энг баланд осмонўпар бинолар рўйхати келтирилган.
Рўйхатга расман маъқулланган лойиҳалар ҳам, қурилиш майдонларини тайёрлаш ишлари олиб борилаётган бинолар ҳам киритилган. Бундан ташқари, қурилиши бошланиб, кейинчалик тўхтатилган осмонўпар бинолар ҳам тақдим этилган.
Rise Tower, Саудия Арабистони

Бу осмонўпар бино тарихда қурилган барча бинолардан баланд бўлиши кўзда тутилган. Унинг баландлиги тахминан 2000 метр, қаватлар сони эса 678 та бўлиши керак. Шу тариқа, у Дубайдаги «Бурж Халифа»дан икки баравардан ҳам баланд бўлади ва «Эмпайр-стейт-билдинг» баландлигидан тахминан беш баравар ошиб кетади.
Лойиҳани Буюк Британиянинг энг йирик меъморчилик компанияси — Foster + Partners бюроси ишлаб чиққан. У Саудия Арабистонининг суверен жамғармаси томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Минора 306 квадрат километр майдонни эгаллайдиган North Pole номли йирик ҳудуднинг марказий иншоотига айланиши керак. Кўп мақсадли ушбу мегаполис Ар-Риёднинг шимолий қисмида барпо этилиши режалаштирилган.
Oblisco Capitale, Миср, Янги маъмурий пойтахт

Oblisco Capitale — Мисрнинг Янги маъмурий пойтахтида барпо этилиши режалаштирилган ўта баланд бинонинг маъқулланган лойиҳаси. Унинг баландлиги мисли кўрилмаган 1000 метрга етиши керак. Лойиҳа амалга оширилса, бино Дубайдаги «Бурж Халифа»дан ўзиб кетади ва дунёнинг энг баланд биносига айланиши мумкин.
Лойиҳа 2018 йилда Egypt Vision 2030 миллий стратегияси доирасида тақдим этилган. У Мисрнинг меъморчилик ва иқтисодий ривожланиш борасидаги улкан мақсадларини, шунингдек, сайёранинг энг баланд иншоотини қуриш орқали мамлакатнинг халқаро мавқеини мустаҳкамлашга интилишини акс эттиради.


















