Ўзбекистон | 17:10 / 18.03.2017
13794
2 дақиқада ўқилади

Бухорода сўнгги йилларда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ошдими?

Жорий йил 18 март куни халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси бўлиб ўтди. Йиғилишни халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси, Олий Мажлис Сенати аъзоси, вилоят ҳокими Ў.Барноев бошқарди.

Сессия ишида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири А. Азизов сўзга чиқди.

Таъкидланишича, мамлакатда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, жиноятчиликнинг олдини олиш, жамиятда соғлом барқарор муҳитни таъминлашда ички ишлар тизими ҳамда давлат ва жамоат ташкилотларининг ўзаро ҳамкорликдаги фаолияти муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ҳудудда бу борада қўлга киритилган талай ютуқлар баробарида ечимини кутаётган вазифалар ҳам талайгина.

Хусусан, сўнгги йилларда ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ошаётгани қайд этилмоқда. Энг ачинарлиси, жаҳон маънавий тамаддуни бешикларидан бири сифатида эътибор қозонган ҳудудда қотиллик, зўравонлик, талончилик жиноятларининг содир этилаётганлигидир.

2016 йилда ана шундай турдаги 11 та жиноят очилмай қолган.Ўғрилик жиноятларининг эса 10 фоизи фош этилмаган.

Шунингдек маърузада вилоятда фирибгарлик, вояга етмаганлар ва аёллар жиноятчилиги сонининг ошаётганлиги, қидирувдаги шахслар ва бедарак йўқолганларни излаб топишдаги кўрсаткичларнинг пастлиги, диний экстремистик оқимларга мойил шахслар билан ишлаш борасидаги муаммолар таҳлилига ҳам эътибор қаратилди.

Вазир ўз сўзида ички ишлар тизими ходимларининг асосий вазифаси фақатгина содир этилган жиноятларни очиш, жиноятчиларни ушлаш эмас, балки аҳоли ўртасига чуқур кириб борган ҳолда жиноят сабабларини ўрганиш, уларнинг олдини олиш эканлигини, Президентимиз томонидан ҳар ҳафтанинг пайшанба куни Профилактика куни сифатида эълон қилиниши замирида ҳам ана шу мақсад илгари сурилганлигини таъкидлади.

Мавзуга оид