ЖИБ Миробод туман судида Demokrat.uz нашри раҳбари Ф.М. ва блогер А.Ғ.га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни тугади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати расмий ахборот берди.

Маълум қилинишича, 11 ноябр куни эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ Ф.М. Жиноят кодексининг 165 (товламачилик), 168 (фирибгарлик) ва 248 (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) моддаларида, А.Ғ. 165-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилган.

Суд ҳукми билан 28 ёшли Ф.М.га 10 йил 3 ой, 35 ёшли А.Ғ.га эса 10 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазони умумий тартибли колонияларда ўташ, Ф.М.дан жиноят доирасида жабрланувчиларга етказилган моддий зарарни ундириш белгиланган.

Биринчи инстанция суди ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартибда апелляция/кассация шикояти бериш ва протест келтиришга ҳақли экани маълум қилинган.

Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизматининг расмий ахборотига кўра, 2025 йил 15 декабр куни А.Ғ. Сергели туманида жойлашган автосалонлардан бирининг фаолиятини обрўсизлантирувчи видеоматериал тайёрлаб, интернет тармоғида жойлаштирган. Шундан сўнг Ф.М. ушбу видеолавҳани ижтимоий тармоқлардан ўчириш ҳамда ОАВда жойламаслик эвазига жабрланувчидан жами 50 минг доллар талаб қилган. Ф.М. жорий йил 10 феврал куни 17 минг доллар олаётган вақтида қўлга олинган.