Франция президентлик лавозимига номзодлар биринчи теледебатларини ўтказди. 

20 март, душанба куни 5 нафар номзод теледебатларда юзма-юз учрашди. Бу эса ким учун овоз беришини аниқламаган кўп сонли сайловчиларга таъсир кўрсатиши кутилмоқда. Илк теледебатларда мавжуд 11 номзоддан асосий 5 номзод: «Миллий фронт» партияси етакчиси Марин Ле Пен, «Олға» ҳаракати етакчиси, мустақил номзод Эммануэль Макрон, Республикачилар партиясидан (ўнглар) номзод Франсуа Фийон, социалист Бенуа Амон ва «Исёнкор Франция» партияси (сўллар) раиси Жан-Люк Меленшон учрашди.

BFMTV телеканали буюртмаси билан Elabe тадқиқот компанияси ўтказган сўровга кўра, бу оқшомда Макрон нисбатан устунлик кўрсатган (29 фоиз). Ундан кейин Меланшон (20 фоиз), Ле Пен (19 фоиз), Фийон (19 фоиз) ва Амон (11 фоиз) жойлашган.

Figaro газетаси сайти ўтказган ва 54,9 минг киши иштирок этган сўровга кўра, Фийон устун келган - 36 фоиз. Собиқ бош вазир ортидан жойлашувчилар қуйидаги тартибда: Макро - 24 фоиз, Ле Пен - 18 фоиз, Меланшон - 17 фоиз ва Амон - 5 фоиз. 

Муҳожирлар қабул қилинадими ёки йўқми? Қандай шартлар бор?

Барча номзодлар хавфсизлик масаласи ва терроризмга қарши курашни биринчи галдаги вазифа сифатида маълум қилган. Лекин уларннинг бу муаммоларни ҳал қилиш йўллари турлича.

Бир вақтнинг ўзида ҳам ўнг ҳам сўл бўлишга интилаётган Макрон бир томондан ноқонуний миграциянинг олдидан олиш учун чегараларни мустаҳкамлашни таклиф этмоқда. Бошқа томондан эса бу масалага масъулият билан ёндашиб, ким ёрдамга ва ҳимояга муҳтож бўлса, уларни қабул қилишни истамоқда.

"Мен ЕИ билан келишилган изчил ва кучли, шу билан бирга бизнинг тамойилларимизга мос келувчи позицияни таклиф этаман", — деган собиқ иқтисодиёт вазири.

"Жаноб Макроннинг фикрига қарши фикрим бор. У Берлинга сафари чоғида Германия канцлери сиёсатини маъқуллаганди. Бу сиёсатни ҳатто унинг дўстлари ҳам қоралаган, чунки муҳожирларнинг ҳаммаси ҳам тузумдан қочган сиёсий қочқинлар бўлмайди. Албатта, Суриядан кўпчилик келади, аммо ундан ҳам кўп киши дунёнинг турли бурчакларидан камбағалликдан қочиб келади. Бу масалани ҳал этиш Европа олдида турган катта вазифадир", дея жавоб қайтарган у мухолифига.

Ўз навбатида республикачи номзод Франция парламенти муҳокамаси орқали ҳар йили қочқинлар учун маълум миқдорда квота ажратишни таклиф этган. Квота мамлакатдаги иқтисодий ҳолатдан келиб чиқиб белгиланиши, ҳукумат имконият даражасида қочқинларни қабул қилиб, уларни иш билан таъминлаши мумкин.