Франциянинг йирик шаҳарларида 5 ноябр, пайшанба куни яна кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтди. Иштирокчилар энг кам иш ҳақини оширишни талаб қилди.

Франция Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, акцияларда қарийб 575 минг киши қатнашган. Мамлакатнинг энг йирик касаба уюшмаси — CGT эса иштирокчилар сонини 1,6 миллион киши деб баҳолаган. Намойишлар бутун Франция бўйлаб ўтказилди.

448 киши ушланди

Франция Ички ишлар вазирлиги Марсел, Нант, Лион, Бордо ва Страсбург каби шаҳарларда полициячиларга юзлаб «радикал кайфиятдаги сўл экстремистлар»дан иборат гуруҳлар ҳужум қилганини билдирди. Дастлабки маълумотларга кўра, мамлакат бўйлаб 86 та ўт қўйиш ҳолати қайд этилган.

Вазирлик, шунингдек, мамлакат бўйлаб мактабларга жиддий зарар етказилгани ва таълим муассасалари ходимлари жабрлангани ҳақида хабар берди.

Жумладан, dpa агентлиги маълумотларига кўра, Тулузада тартибсизлик иштирокчилари мактаб биноси ичига ўт қўйган, синфхоналарни вайрон қилган ва компютерларни йўқ қилган.

Париж яқинидаги Ла-Курнёвда бир йигит мактабни тўсиб қўйиш акциясида иштирок этган ўқувчига пичоқ билан жароҳат етказган. Лиллда эса таълим муассасаси биносининг кириш қисмига ўт қўйилганидан кейин одамларни эвакуация қилишга тўғри келган.

Касаба уюшмалари ойлик энг кам иш ҳақини 100 еврога оширишни талаб қилмоқда

Франция демократик меҳнат конфедерацияси (CFDT) раҳбари Марилиз Леон солиқлар ушлаб қолинганидан кейинги ойлик энг кам иш ҳақини 100 еврога оширишга чақирди.

«Франция — сўнгги 10 йилда энг кам иш ҳақи энг оз ошган Европа мамлакати. Биз иш ҳақи паст бўлган мамлакатга айландик», — деди Умумий меҳнат конфедерацияси (CGT) раҳбари Софи Бине.

Ҳозирда Францияда энг кам соатлик иш ҳақи солиқлар ушлаб қолинишидан олдин 12,31 еврони ташкил этади. Ҳафтасига 35 соатлик иш вақтида бу ойига тахминан 1867 еврога тенг.

Таққослаш учун, Германияда 2027 йил январидан энг кам соатлик иш ҳақи 14,60 еврога кўтарилади.

Октябр охирида Францияда турмуш кечириш харажатларининг ошиши ва таълим тизимининг қониқарсиз ҳолатига қарши ўтказилган оммавий намойишларда қарийб минг киши ушланган эди.