Иқтисодиёт | 10:45 / 22.03.2017
5215
2 дақиқада ўқилади

Ҳиндистон ҳукумати нақд пулдаги ҳисоб-китоблар қийматини чеклашни таклиф қилди

Ҳиндистон ҳукумати нақд пулда амалга оширилувчи исталган ҳисоб-китобни 200 минг рупий (3 минг доллар) билан чеклашни таклиф қилди. Бу қийматдан кўпроқ бўлган нақд ҳисоб-китобларни жаримага тортиш режалаштирилмоқда. Ҳиндистон ҳукуматининг бу ташаббуси ҳақида мамлакат молия вазирлигининг давлат сарф-харажатлари департаменти бошлиғи Хасмукх Адхиа твиттерда маълум қилди.

"Молия қонун лойиҳасига расмий тузатишларда ҳукумат нақд пулдаги ҳисоб-китоблар чегарасини 300 минг рупийдан 200 минг рупийгача камайтиришни таклиф қилди, бу чегарадан ошувчи ҳисоб-китоблар ноқонуний деб топилади", деб ёзган Адхиа. Унинг айтишича, бу меъёр бузиладиган бўлса, жарима миқдори тўланган нақд пул миқдорига тенг бўлиши керак.

Ҳиндистон ҳукумати февралда 1 апрелдан 300 минг рупийдан ошувчи нақд пулдаги исталган ҳисоб-китоблар жиноят деб ҳисобланишига эришмоқчилиги маълум қилинганди. Ҳукуматнинг айтишича, бу чора коррупция ва нопок йўл билан орттирилган маблағларга қарши курашга қаратилган.

Коррупцияга қарши таклиф қилинаётган бу чора Ҳиндистон ҳукумати томондан 2016 йил ноябрда бошланган сиёсатнинг давоми бўлади. Ушбу сиёсатга кўра, Ҳиндистонда энг кўп айланувчи 500 ва 1000 рупийлик банкноталар муомаладан чиқарилган. Бунинг оқибатида мамлакатда нақд пул етишмаслиги муаммоси вужудга келган. Бироқ ҳукуматнинг таъкидлашича, фақат кескин чоралар билангина коррупцияни енгиш мумкин. 

Мавзуга оид